Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Шавкат Мирзиёев: Элимиз ватанпарвар авлод билан ҳақли равишда фахрланади

2019-10-02 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 27 сентябрдаги фармонига мувофиқ, Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ спортчи ва мураббийлар фахрий унвонлар ва медаллар билан тақдирланган эди.

30 сентябрь куни Кўксаройда ана шу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлди. Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спорт федерациялари раҳбарлари, боксчиларнинг ота-оналари иштирок этди. 

Мамлакатимизда ёшлар камолоти, спорт ривожи учун пухта замин яратилган. 2019-2023 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси изчил амалга оширилмоқда. Жойларда янги спорт объектлари ишга туширилиб, ёшлар соғлом турмуш тарзига фаол жалб этилмоқда. Профессионал спортчиларнинг машғулотлар ўтказиши, маҳоратини мунтазам ошириб бориши учун зарур шароит яратилмоқда.

Жорий йилнинг 4 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланган эди.

Ўтган қисқа вақтда мамлакатимиз вакиллари бир нечта турнирларда иштирок этиб, улкан ютуқларни қўлга киритди. Хусусан, 14-22 сентябрь кунлари Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 4 та медаль билан 2-ўринни эгаллади. Эътиборлиси, совриндор спортчиларимиз 2020 йилги Токио Олимпиадасига ҳам йўлланма олди.

20-25 сентябрь кунлари Тошкентда дзюдо бўйича халқаро Гран-при турнири юқори савияда ўтказилди. Унда 71 мамлакат спортчилари 14 та вазн тоифасида қатнашди. Юртимиз терма жамоаси жами 6 та медаль билан 2-ўринга сазовор бўлди.

6-22 сентябрь кунлари Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионати спортчиларимиз учун янада муваффақиятли бўлди. Саксонга яқин мамлакатдан энг кучли чарм қўлқоп усталари иштирок этган ғоят кескин беллашувда терма жамоамиз 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медални қўлга киритди. АҚШ, Куба, Россия, Қозоғистон, Англия, Ҳиндистон каби бокс бўйича етакчи давлатлар вакилларини ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Жамоа сардори Баҳодир Жалолов чемпионатнинг “Энг яхши боксчиси” деб топилди.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз спортчиларини, уларнинг устоз ва мураббийларини, бутун халқимизни бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тарихий ғалабаси билан самимий муборакбод этди.

– Жаҳон чемпионатида юксак мардлик ва матонат кўрсатиб, юртимизга шундай буюк ғалабани олиб келганингиз ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносибдир. Ўша кунлари кексаю ёш – бутун халқимиз сизларга зафар тилаб, катта ҳаяжон ва қизиқиш билан ўз нигоҳини Екатеринбург аренасига қаратди. Элимиз ана шу улкан ишончни оқлаган сиздек жасур, ватанпарвар авлод билан ҳақли равишда фахрланади, – деди давлатимиз раҳбари.

Бу ютуқлар нафақат жисмоний, балки руҳий ва маънавий куч натижаси, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд каби буюк аждодларимизга муносиб ўғлонларгина бундай зафарларга қодир экани таъкидланди.

Президентимиз шундай баҳодир йигитларни тарбиялаб, вояга етказган меҳрибон ота-оналар, жонкуяр устоз ва мураббийларга ташаккур айтди.

Маълумки, боксчиларимиз 2016 йил Рио-де-жанейрода бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида ҳам умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган эди. Жаҳон чемпионатидаги натижалар бундай ютуқлар тасодифий эмаслигини, юртимиз том маънода бокс мамлакатига айланиб бораётганини яққол намоён этди.

– Бу ғалаба “Ўзбекистон бокс мактаби”, “Ўзбекистон боксчилари” деган сўзларни жаҳон спорти тарихига олтин ҳарфлар билан муҳрлаб қўйди. Энди Ўзбекистон боксчиларини, ўзбек бокс мактабини тан олган ҳам тан олади, тан олмаган ҳам тан олади. Энди “Ўзбекистон”, “ўзбекистонлик” деса, манаман деган боксчилар ҳам ўйлаб рингга тушадиган бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари ғолиб ва совриндор бўлган боксчиларни, уларнинг мураббийларини номма-ном тилга олиб, уларни қутлади. Бугунги натижалар келгуси йил Токиода ўтадиган Олимпия ўйинлари учун мустаҳкам пойдевор яратганини, бу нуфузли мусобақага кўпроқ лицензия олиш ва пухта тайёргарлик кўриш зарурлигини таъкидлади.

Президентимиз боксчилар ва уларнинг мураббийларига давлатимизнинг юксак мукофотларини тантанали равишда топширди.

– Ҳамма қилаётган ишларимиздан мақсад - халқимизни рози қилиш, ёшларимизни баркамол этиб тарбиялаш. Сизларнинг ғалабангиз ҳар бир соҳада адолат бўлса, узоқ-узоқ қишлоқлардаги истеъдодлар ҳам ўз ўрнини топса, албатта натижа бўлишидан яна бир далолат. Бу барча ёшларимизни маррани баланд олиб, ўз устида ишлашга, улкан муваффақиятларга эришишга руҳлантиради, – деди Шавкат Мирзиёев.

Боксчилар, уларнинг оналари ва устозлари спортни ривожлантиришга юксак эътибори, спортчи ва мураббийларга рағбати учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться