Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Барселонада бошланган халқаро конгресс дунёнинг ўттиз мингдан ортиқ етакчи онкологларини бир даврага жамлади
2019-09-30 | Соғлиқни сақлаш
27 сентябрь куни Испаниянинг Барселона шаҳрида Европа халқаро онкология конгресси ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Айтиш жоизки, Европа халқаро онкология конгресси ўз йўналиши бўйича халқаро миқёсдаги нуфузли тадбирлардан биридир. Европа онкологлари ассоциацияси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда дунёнинг юздан ошиқ давлатидан 30 минг нафардан зиёд онколог олимлар, шифокорлар қатнашмоқда.
Халқаро конгресснинг очилишида таъкидланганидек, онкологик касалликлар бугунги кунда бутун дунёда инсон саломатлигига жиддий таъсир этаётган долзарб тиббий-ижтимоий муаммодир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, бундай касалликларга чалиниш кўрсаткичи йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Дунёда ҳар йили 15 миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам 100 мингдан ортиқ бемор онкологик касалликлар бўйича ҳисобда туради. Онкологик касалликлар ичида сут бези саратони етакчи ўрин эгаллайди, кейинги ўринларни меъда, бачадон бўйни ва ўпка саратони қайд этилади.
Мутахассислар бу касалликнинг тобора кўпайиб ва айниқса “ёшариб” бораётганига қатор омиллар сабаб бўлаётганини эътироф этмоқда. Жумладан, атмосферанинг консероген моддалар билан ўткир ифлосланиши, гени ўзгартирилган, жумладан, табиий бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолининг кўпайиши, жисмоний фаолликнинг камайиши онкологик касаллик юзага келишига сабаб бўлмоқда. Онкологик касалликлардан ўлим кўрсаткичи юрак-қон томир тизими касалликларидан сўнг иккинчи ўринда туради.
Шу боис, ушбу долзарб тиббий-ижтимоий муаммога қарши қурашиш нафақат соғлиқни сақлаш соҳаси, балки, бутун жамият зиммасига катта масъулият юкламоқда. Мазкур халқаро конгресс айни шу йўналишда илм-фан ва тиббиёт амалиёти олдида турган долзарб вазифаларни атрофлича таҳлил этиш, жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ушбу долзарб муаммога қаратиш ва муаммоларнинг оқилона ечимини топишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам аҳолининг соғлом ва узоқ умр кечиришига таъсир этаётган бу касалликни барвақт аниқлаш ва даволашнинг такомиллашган усулларини яратиш, тиббий скрининг ишларини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиллари фаолияти тубдан такомиллашмоқда. Ҳудудларда бир қатор онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг лойиҳалари амалга оширилмоқда. Миллий эмлаш тақвимимизга бачадон бўйни саратонининг олдини олиш мақсадида папиллома вирусига қарши эмлаш жорий этилаётир. Халқаро конгресснинг очилиши маросимида Европа онкологлар ассоциацияси президенти Жозеп Табернеро жаҳон илм-фани ва тиббиётидаги муҳим натижалар қаторида мамлакатимиз тиббиётида эришилаётган ана шундай ўзига хос ютуқларни ҳам алоҳида эътироф этди.
Европа халқаро онкология конгресси 1 октябрга қадар давом этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги