Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табриги
2019-09-30 | Сиёсат
Муҳтарам устоз ва мураббийлар!
Аввало, сиз, азизларни, таълим-тарбия соҳасида меҳнат қилаётган барча педагог ходимларни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Ушбу қутлуғ айёмда барчамиз бизга илм ўргатган, ҳаёт сабоғини берган жонкуяр, фидойи ўқитувчи ва домлаларимизга чуқур ҳурмат бажо келтириб, чин дилдан таъзим қиламиз.
Ҳақиқатан ҳам, ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳар қандай юксак баҳоларга муносибдир.
Бу ҳақда фикр юритар эканмиз, улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг: “Авлодларингизга фақат бугуннинг эмас, келгуси замоннинг илмини ўргатинг”, деган сўзлари беихтиёр ёдимизга тушади.
Чиндан ҳам, дунё миқёсида рақобат янада кучайиб борадиган, ўта мураккаб бир даврда яшайдиган болаларимизни келажакка тайёрлаб, соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш таълим-тарбия соҳаси, ўқитувчи меҳнатининг туб моҳиятини ташкил этади.
Ана шу ўткир ҳақиқатни ҳисобга олиб, биз таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотларни давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши даражасига кўтардик.
Ўтган қисқа даврда мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, мактаб таълимида 11 йиллик тизимга ўтиш, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини оптималлаштириш, нодавлат таълим хизмати кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширдик.
Бугунги кунда сизларнинг, бутун эл-юртимизнинг қизғин қўллаб-қувватлаши билан мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиб бормоқда.
Буюк алломаларимиз, атоқли шоир ва адибларимиз номи билан аталадиган ижод ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаблар, “Темурбеклар мактаблари”, Президент мактаблари каби мутлақо янги намунадаги замонавий ва инновацион таълим масканлари айни шу мақсадга хизмат қилади.
Бу борада умумтаълим мактаблари тизимини ривожлантириш масаласига устувор аҳамият берилмоқда. Бунинг тасдиғини сўнгги икки йилда 238 та янги мактаб барпо этилганида ҳам кўриш мумкин. Ҳолбуки, 2010-2016 йилларда бу соҳага етарли эътибор берилмагани туфайли 99 та мактаб ёпилган эди.
Мазкур соҳани ривожлантириш учун ажратилаётган бюджет маблағлари ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, жорий йилда мактабларга 2017 йилга нисбатан 81 фоиздан зиёд маблағ ажратилди.
Юртимизда боғча, мактаб ва олий таълим тизимида ишлаётган тарбиячилар, ўқитувчи ва домлалар меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг иш ҳақини, жамиятдаги нуфузини ошириш бўйича муҳим қадамлар қўйилмоқда.
Соҳа ривожига бўлган ана шундай эътибор мактабларда ўқув-тарбия жараёнларини сифат жиҳатидан ўзгартиришга, ўқитувчилар таркибини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Биз таълим-тарбия масаласига комплекс ёндашган ҳолда, боғча таълими билан бирга олий таълим тизимини ҳам узвий ривожлантиришга алоҳида эътибор бермоқдамиз.
Шу мақсадда мамлакатимизда мактабгача таълим ҳамда олий таълимни ривожлантириш дастурлари қабул қилинди ва шу асосда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, кейинги икки йилда мамлакатимизда 35 та, жумладан, 13 та хорижий олий ўқув юрти ташкил этилди. Юздан ортиқ янги бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда 94 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Ана шундай чора-тадбирлар натижасида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси уч йил бурунги 9 фоиздан 20 фоизга ошди. Биз яқин келажакда бу кўрсаткични 25 фоизга етказишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
Яратилаётган имкониятлар туфайли Ўзбекистон ёшлари турли соҳаларда ўз билим ва салоҳиятини намоён этиб, Ватанимиз шуҳратини бутун дунёга тараннум этмоқда.
Куни кеча Россиянинг Екатеринбург шаҳрида дунёнинг 80 га яқин мамлакатидан моҳир спортчилар иштирок этган бокс бўйича жаҳон чемпионатида миллий жамоамиз вакиллари юксак азму шижоат ва маҳорат намунасини кўрсатиб, биринчи ўринни эгаллагани барчамизни қувонтириб, ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Бундай улкан ютуқларни биз аввало сизлар каби фидойи устоз-мураббийларнинг фидокорона меҳнати натижаси сифатида қабул қиламиз.
Қадрли юртдошлар!
Барчамиз яхши тушунамизки, бугунги шиддатли замон барча соҳалар қаторида таълим-тарбия тизимини ривожлантириш бўйича ҳам олдимизга ғоят муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда.
Албатта, ёшларимизнинг билим олишлари учун барча шароитларни яратиш, ўқув биноларини қуриш, уларни замонавий жиҳозлаш мумкин. Лекин фарзандларимизга юксак мезонлар асосида таълим-тарбия берадиган, янгича, инновацион фикрлайдиган муаллим ва ўқитувчиларни тайёрлаш – бу энг оғир вазифа бўлиб, жуда катта меҳнат ва масъулиятни талаб этади.
Шу маънода, бугунги кун ўқитувчиси универсал мутахассис, ҳам ўргатувчи, ҳам ўрганувчи бўлиши, яъни, ўз устида тинимсиз ишлаши, доимо изланиб яшаши керак.
Энг муҳими, ўқитувчи чинакам ватанпарвар инсон бўлиши зарур. Қалбида ўз касбига, Ватанига меҳр ва садоқат кучли бўлган ўқитувчигина ҳақиқий ватанпарвар шахсни тарбиялай олади.
Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз "Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак" деган ғояни амалга оширишга қаратилмоқда. Бунинг учун давлат ва жамият томонидан қанча маблағ, ресурс ва имкониятлар зарур бўлса, барчасини сафарбар этамиз.
Мактабларда хорижий тилларни, ахборот-коммуникация технологияларини ўргатишни такомиллаштириш, олий ва ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни ислоҳ қилиш, ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган чора-тадбирларни самарали амалга оширишимиз лозим.
Профессионал таълим соҳасида бугунги меҳнат бозори ва халқаро стандартларга тўла мос келадиган бутунлай янги тизимга ўтишни жадаллаштиришимиз керак.
Таълим муассасаларининг моддий-техник базаси, ўқитиш сифати ва педагог ходимларнинг билим ва малакасини оширишга қаратилган “Замонавий мактаб” давлат дастурини амалга ошириш доимий эътиборимиз марказида бўлади.
Барчамизга аёнки, бугунги кунда ён-атрофимизда ёшларнинг қалби ва онгини заҳарлаб, уларни тўғри йўлдан оғдиришга қаратилган хавф-хатарлар тобора кучайиб бормоқда.
Бундай мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя асосида барчамиз биргаликда курашмоғимиз, оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлашимиз зарур.
Айниқса, бу вазифа барча бўғиндаги раҳбарлар, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, ижодкор зиёлиларимиз, диний уламолар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, бутун жамиятимиз учун виждон ишига айланиши керак.
Азиз ва муҳтарам устозлар!
Бугун таълим-тарбия соҳасида, ҳурматли ўқитувчи ва мураббийларимиз, фарзандларимиз ҳаётида янги давр бошланмоқда. Бу даврни янада чуқур маъно-мазмун билан тўлдириб, миллий юксалишга эришиш фақат ва фақат ўзимизга, шу йўлда ҳамжиҳатлик билан қаттиқ меҳнат қилишимизга боғлиқ.
Биз халқимизнинг энг катта бойлигини – миллионлаб фарзандларимиз, жондан азиз ўғил-қизларимизнинг тақдирини, Ўзбекистон истиқболини сизларга ишониб топширганмиз. Ва бу вазифани масъулият билан адо этиб келаётган сизлар каби фидойи инсонлар, келажак бунёдкорларига ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак, арзийди.
Сизларни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда катта муваффақиятлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти