Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон – Корея: электрон соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик жадал ривожланмоқда

2019-09-27 | Соғлиқни сақлаш

Пойтахтимизда соғлиқни сақлаш соҳасидаги йирик тадбир – XII халқаро ихтисослашган “UzMedExpo-2019” тиббиёт кўргазмаси доирасида Ўзбекистон – Корея электрон соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда асосий эътибор юртимизда электрон соғлиқни сақлашни ривожлантиришга қаратилди.

Дарҳақиқат, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни вояга етказиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Ҳозирда мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини янада ошириш учун мукаммал ва замонавий шароитларни яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада Кореа Республикаси билан мустаҳкам ҳамкорлик муҳим ўрин тутади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил ноябрь ойида Корея Республикасига амалга оширган ташрифи доирасида кўплаб соҳалар қатори соғлиқни сақлаш йўналиши бўйича ҳам муҳим келишувларга эришилганди. Айни пайтда ушбу келишувлар ижроси доирасида Фарғона шаҳрида рентген ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича янги корхона иш бошлади. Бухоро шаҳрида Корея клиникасини ташкил этиш ишлари якунланди. Кореянинг Сеул, Инҳа университетлари каби қатор олий таълим муассасаларининг тиббиётга доир дастурлари ишга туширилди. Тошкент шаҳрида Кореянинг кўп тармоқли болалар клиникасини бунёд этиш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, Корея тажрибасидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистонда рақамли тиббиётни ривожлантириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.

Форумда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов, Корея Республикаси соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлигининг глобал соғлиқни сақлаш бўйича бош директори Ким Хесеон рақамли тиббиёт соҳасида Жанубий Корея имкониятлари ва Ўзбекистоннинг ушбу йўналишга катта қизиқиши томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш баробарида аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Тадбир иштирокчилари сессияларга бўлинган ҳолда муҳокамаларни давом эттиришди. Биринчи сессияда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикасида электрон соғлиқни сақлаш соҳасидаги сиёсат ҳақида фикр алмашилди. Жумладан, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, Корея Республикасида электрон соғлиқни сақлаш сиёсати ва унинг аҳамияти, рақамли соғлиқни сақлаш саноати ҳақида кенг тўхталиб ўтилди.

Иккинчи сессия эса соғлиқни сақлашнинг жорий ҳолати ва рақамлаштириш истиқболларига бағишланди. Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида рақамлаштириш жараёни, тиббиёт муассасаларида ахборот тизимларидан фойдаланиш, инновацион рақамли соғлиқни сақлаш соҳасида Ўзбек-Корея тажриба модели батафсил муҳокама этилди.

Маълумки, 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида ҳам электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий этиш вазифаси алоҳида белгилаб берилган. Бу борадаги ишларни сифатли ва самарали амалга ошириш эса тиббиёт тараққиётида муҳим аҳамиятга эга.

Форум доирасида Ўзбекистон – Корея соғлиқни сақлаш бўйича ҳаракатлар режаси имзоланди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Поделиться