Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири билан учрашув
2019-09-26 | Сиёсат
2019 йилнинг 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Нью-Йорк шаҳрида Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жаишанкар билан учрашди.
Икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари сиёсат, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг устувор масалалари бўйича фикр алмашдилар.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон етакчиларининг мунтазам мулоқоти натижасида икки томонлама муносабатларда кузатилаётган янгича шиддат мамнуният билан қайд этилди.
Суҳбатда товарлар ва хизматларни ўзаро етказиб бериш номенклатурасини кенгайтириш, савдо айланмаси ҳажмларини ошириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга урғу берган ҳолда ҳамкорликнинг иқтисодий блоки масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Турли даражадаги бўлажак Ўзбекистон-Ҳиндистон учрашувларининг жадвали ва кун тартиби кўриб чиқилди.
Учрашувда халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик ҳамда халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги шерикчилик масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги