“UzMedExpo – 2019“: замонавий тиббий ускуналар, инновацион технологиялар намойиши
Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ миллий кўргазмалар мажмуида “UzMedExpo – 2019“ ўн иккинчи халқаро ихтисослаштирилган тиббиёт кўргазмаси очилди.
“International Expo Group” компанияси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Дори-дармон“ акциядорлик компанияси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазмада маҳаллий ва хорижий компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Низомов ва бошқалар юртимизда барча йўналишларда, хусусан, тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаб, соҳага замонавий тиббий ускуналар ва инновацион технологияларни жалб қилишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур кўргазма аҳолига тиббий хизматлар кўрсатишни тубдан яхшилаш, соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш самарадорлигини ошириш, шунингдек, соҳага хорижий сармояларни жалб қилиш, замонавий ва инновацион технологияларни кенг жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
– Бугунги кўргазмада тиббий ускуналар намойиши билан қатнашяпмиз, – дейди “Zilolamedical” хусусий корхонаси координатори Жаҳонгир Сувонов. – Етказиб берувчи корхоналар фаолиятида ҳам, ишлаб чиқарувчилар учун ҳам мазкур иштирок самарали бўляпти. Келгуси фаолиятимизда фақат дори-дармон ва тиббий ускуналарни етказиб берибгина қолмай, ҳамкорликда маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режаларимиз бор.
Беларусь, Ҳиндистон, Қозоғистон, Латвия, Жанубий Корея, Россия, Туркия ва Ўзбекистон каби давлатларнинг 70 дан ортиқ нуфузли компаниялари замонавий ишланмалар, янги технологиялар, даволаш ва диагностиканинг илғор усулларини намойиш этмоқда. Жорий йилги кўргазмада экспонентларнинг 20 фоизга, шунингдек, кўргазма экспозициясининг аввалгиларига нисбатан 15 фоизга ортганлигини кузатиш мумкин. Айниқса, Жанубий Корея ва Ҳиндистон экспозициялари алоҳида ажралиб турибди. Хорижий экспонентлар кўргазма қатнашчилари умумий сонининг 35 фоизини ташкил қилади. Компаниялар умумий сонининг 52 фоизи доимий иштирокчилар ҳисобланса, 48 фоизи кўргазмада илк марта қатнашаётганлардир. Дебютантлар даволаш муассасаларини жиҳозлаш учун тиббий ускуналар ва технологияларнинг кенг спектрини, фармацевтика саноати соҳасидаги энг янги ютуқларни, турли мақсадлардаги асбоблар, аппаратлар, профилактика, диагностика ва касалликларни даволашнинг янги усулларини намойиш этмоқда.
– Бухорода Жанубий Кореянинг “Himchan” касалхонаси филиалини ташкил қилмоқчимиз, – дейди “Bukhara Himchan” клиникаси бош врачи Со Жонг Пиел. – Ушбу клиникада кореялик ва ўзбекистонлик малакали врачлар биргаликда ишлайди. Улар гуруҳларга бўлиниб, бир ойдан икки ойгача бўлган муддатда Кореядаги касалхонамизда малака ошириб келди, жарроҳлик амалиётларида қатнашди. Энди улар ноябрда очилиши режалаштирилаётган Бухородаги филиалимизда фаолият олиб боради. Клиникамиз беморларга сифатли ва самарали хизмат кўрсатиш мақсадида замонавий типда барпо этилди, Кореядан келтирилган асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Мазкур кўргазма келгусидаги фаолиятимиз хусусида оммага маълумот беришда айни муддао бўлмоқда.
Кўргазма доирасида электрон соғлиқни сақлаш соҳасида Ўзбекистон – Корея форуми ҳам ташкил этилди. Унда ўзаро ҳамкорлик алоқалари, истиқболлари ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш борасида сўз юритилди.
Кўргазма 27 сентябрга қадар давом этади.
Моҳигул ҚОСИМОВА, ЎзА
Манба: ЎзА