Ҳар қандай, ҳатто энг илғор инновация ҳам аниқ бир муддат долзарблик касб этади, вақт ўтиб эса унинг ўрнини янги технологиялар эгаллайди.
Ўзбекистонда 2004 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинаётган "ICTWEEK Uzbekistan" ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги бизни янги ишланмалар билан таништирмоқда. Бу йилги ҳафталик Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан 24-27 сентябрь кунлари Тошкент ва Фарғона шаҳарларида ўтказилмоқда. Барча тадбирлар нафақат мутахассислар, балки ахборот технологиялари фойдаланувчиларида ҳам қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.
АКТ ҳафталигини "DIGITAL UZBEKISTAN" форуми очиб берди, у соҳанинг замонавий тенденцияларини муҳокама қилиш учун ўзига хос майдонча вазифасини ўтайди. Шўъба йиғилишларида иштирокчилар Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган ечим ва дастурларни ишлаб чиқиш имкониятига эга бўлади. Форум ишида Ўзбекистон, Беларусь, Россия, Хитой, Буюк Британия, Украинанинг машҳур мутахассислари иштирок этмоқда. Улар томонидан электрон тижорат, рақамли иқтисодиёт, сунъий идрок, стартап лойиҳалар масалалари муҳоками қилинади.
"ICTExpo-2019" ахборот-коммуникация технологиялари кўргазмаси ҳафталик доирасида ўтказиладиган энг ёрқин тадбир бўлади. Унда АКТ соҳасидаги энг сўнгги ишланмалар, ўзига хос хизмат ва ечимлар намойиш этилади. Кўргазмада ахборот технологиялари соҳасида юқори технологик маҳсулот ишлаб чиқариш, уяли алоқа, тизимли интеграциялаш, дастурий таъминотни ишлаб чиқишга ихтисослашган миллий компаниялар, алоқа ва маълумот юбориш хизматлари провайдерлари фаол иштирок этади.
Бирлашган Араб Амирликларидан келган ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистонда илк бор "MGovAward" давлат мобиль иловаларини ишлаб чиқиш бўйича республика танлови ташкил этилади. Ундан кўзланган мақсад ёшларни IT-ишланмаларига жалб қилиш ва рағбатлантириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашдан иборат. Танлов иштирокчилари соғлиқни сақлаш, таълим, туризм, тадбиркорлик, транспорт ва логистика соҳалари учун мобиль иловалар ишлаб чиқиши керак бўлади. Танлов 26 сентябрь куни бошланади. Шу куни "ICTWEEK Uzbekistan" доирасида Халқаро бизнес-марказда илк бор "Ахборот технологиялари ва ШҲТнинг инновацион ривожланиши" мавзусида форум бўлиб ўтади. Форумда хорижий давлатлар, ШҲТга аъзо мамлакатларнинг дипломатик корпуси, ҳокимият органлари, маҳаллий ва хорижий IT-компаниялари, жамоат ва илмий ташкилотлар вакиллари иштирок этади. Улар ҳамкорликда ШҲТ давлатларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш бўйича ечимларни ишлаб чиқади. Форумнинг муҳим вазифаларидан бири ҳокимият органлари ва IT-бизнес вакиллари, эксперт ҳамжамиятида мамлакат ва минтақавий миқёсда АКТ соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича ягона ва умумий қарашини шакллантиришдир.
Асосий тадбирлар билан бирга АКТ ҳафталиги доирасида қатор қизиқарли тадбирлар ҳам бўлиб ўтади. АКТ ҳафталиги нафақат мамлакатимиз АКТ соҳасини янада ривожлантириш, балки ушбу йўналишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилиши шубҳасиз.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА
Манба: ЎзА