Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Корея ишбилармонлари ўртасида бизнес учрашув бўлиб ўтди
2019-09-25 | Иқтисодиёт
2019 йил 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистон-Корея ишбилармон доира вакилларининг «В2В» форматидаги кооперация биржаси ўтказилди.
Асосий мақсад - савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация ва ахборот технологиялари соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат.
Корея делегацияси таркибидан қурилиш, соғлиқни сақлаш, туризм, логистика ва АКТ соҳасида фаолият юритаётган 50 та етакчи компаниялар вакиллари ўрин олган.
Делегация вакиллари, Корея Ўзбекистонни минтақадаги асосий ҳамкор сифатида кўриб чиқаётганини ва самарали ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Хусусан, Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш суръатлари, бизнес алоқаларни ривожлантириш учун яхши асос бўлиб хизмат қилиши эътироф этилди. Корея ишбилармон доиралари делегациясининг ташрифининг асосий вазифалари савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш ва потенциал имкониятларни биргаликда кўриб чиқишдан иборат экани қайд этилди.
Икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирокидаги «В2В» кооперация биржаси давомида икки мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, савдо, транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдим этилди.
Музокараларда мамлакатимизда фаолият юритувчи 100 га яқин тадбиркорлик субъектлари иштирок этди. Унда Ўзбекистон-Корея савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, жумладан, Ўзбекистон ва Корея корхоналари ўртасида шериклик муносабатларини чуқурлаштириш бўйича фикр алмашиш масалалари хам муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида ўзбек ва корейс компаниялари ўртасида шартномалар ва меморандумлар имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Савдо саноат палатаси