Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон делегацияси Нью-Йорк шаҳрида ОҲИЧК вазирлар учрашувида иштирок этди
2019-09-25 | Сиёсат
2019 йилнинг 23 сентябрь куни АҚШга ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашга (ОҲИЧК) аъзо давлатлар вазирлари учрашувида иштирок этди.
Мажлис давомида иштирокчилар минтақавий ва халқаро хавфсизлик, барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, маданий-гуманитар кооперацияга доир кенг кўламли масалаларни, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз нутқида сўнгги йилларда Осиёда умумий ва ажралмас хавфсизлик маконини яратиш учун ОҲИЧК тўлақонли халқаро мулоқот майдончасига айланганини таъкидлади.
Вазир, шунингдек, Тожикистон томонини ташкилотга муваффақиятли раислиги билан табриклади ва 2020 йилга мўлжалланган ОҲИЧК тадбирлар режасини қўллаб-қувватлади. Ушбу режа Ўзбекистон ташаббуси билан ёшларнинг радикаллашишига қарши курашиш бўйича халқаро конференциялар ўтказишни назарда тутади.
Таъкидланганидек, қитъамизнинг келажаги, хавфсизлиги, барқарор ривожланиши ва фаровонлиги биз ёш авлодни қандай тарбиялашимизга боғлиқдир. Шу муносабат билан Абдулазиз Камилов ёшларнинг баркамол ривожланиши ва ўзини намоён қилиши учун қулай шарт-шароитлар яратишни мақсад қилган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда биргаликда ҳаракат қилишга чақирди.
Нутқ сўнгида Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни та`минлаш каби умумий эзгу мақсадларга эришиш имконини берувчи ишончни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ечимларни топиш бўйича саъй-ҳаракатларни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда ОҲИЧК кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги