Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Енгил саноат соҳасини ривожлантириш мақсадида солиқ имтиёзлари тақдим этилади
2019-09-24 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 сентябрдаги “Енгил саноатни янада ривожлантириш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4453-сонли қарорига асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб:
ҳисобот даври натижалари бўйича ялпи тушумнинг умумий ҳажмида тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларининг экспорти 60 фоиздан кам бўлмаган экспорт улушига эга бўлган корхоналар 2023 йил 1 январга қадар мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилади;
тўқимачилик, тикув-трикотаж, чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари корхоналарининг фойда солиғи бўйича солиққа тортиладиган базаси етти йил давомида тенг улушларда замонавий тозалаш ва канализация иншоотларини қуриш бўйича харажатлар суммасига камайтирилади;
шунингдек, мазкур ҳужжат билан чорва молларини сўйиш бўйича замонавий автоматлаштирилган мажмуаларни ишга тушираётган ташкилотлар ва терини қайта ишловчи корхоналар 2023 йил 1 январга қадар ер солиғи тўлашдан озод этилади;
“Ўзтўқимачиликсаноат” ва “Ўзчармсаноат” уюшмаларининг хорижий консультантлари, шунингдек, тўқимачилик, тикув-трикотаж, чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари корхоналарида меҳнат фаолиятини юритаётган хорижий мутахассислар Ўзбекистон Республикасидаги даромад манбалари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини унинг белгиланган ставкасидан 50 фоиз миқдорида тўлайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси