Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Наркотаҳдидларга халқаро ҳамкорлик асосида тўсиқ қўйишни мақсад қилган Тошкент анжумани

2019-09-24 | Жамият

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий мақсадларидан бири – инсониятга хавф туғдираётган иллатларга қарши курашишда ташаббус кўрсатиш ва давлатларни ушбу мақсадлар йўлида бирлаштиришдир.

Бугунги кунда дунёда терроризм, экстремизм каби хавф-хатарлар қаторида наркотрафик ҳам туради. Таъбир жоиз бўлса, бу учинчи хавф ҳаммасидан хатарлироқ бўлиб, нафақат одамларни жисман, руҳан ожизлаштириб, кўзлаган мақсадларидан адаштирибгина қолмай, йирик миқдордаги маблағ тўплаш воситаси ҳамдир. Шу йўл билан топилаётган маблағлар эса биринчи ва иккинчи хавфни молиялаштиришга ҳам хизмат қилмоқда.

Шунинг учун ҳам БМТ гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича изчил фаолият юритмоқда. Шу мақсадда конвенция ва резолюциялар қабул қилинган. БМТ Гиёҳванд моддалар бўйича комиссиянинг 6 (XXV) резолюцияси ва ЭКОСОС кенгашининг 1776 (LIV) резолюциясига мувофиқ 1973 йилда Яқин ва Ўрта Шарқда гиёҳванд моддалар савдоси бўйича қуйи комиссияси ташкил этилган.

Мазкур комиссиянинг 54-сессияси жорий йил 23-27 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган бу йирик анжуман Яқин ва Ўрта Шарқда гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашишда халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришни мақсад қилган.

23 сентябрь куни Тошкентдаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида ўз ишини бошлаган сессияда Афғонистон, Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Германия, Ҳиндистон, Италия, Эрон, Қозоғистон, Кувайт, Қирғизистон, Ливан, Покистон, Россия, Тожикистон, Буюк Британия, АҚШ, Яман каби давлатлардан вакиллар, халқаро ташкилотларнинг экспертлари иштирок этмоқда.

Анжуман очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов глобал муаммолардан бири бўлган гиёҳвандликка қарши курашишга Ўзбекистон давлати раҳбарияти доимий эътибор қаратаётганини таъкидлади. Бу борада халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Айниқса, БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бошқармаси билан ҳамкорликда амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ўзбекистонда гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича комиссия фаолият юритмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази ушбу соҳада олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириб бормоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинаётган наркотик моддаларни йўқ қилиш тадбири мунтазам ўтказилмоқда. Наркотаҳдидлардан аҳоли, ёшларни муҳофаза қилиш мақсадида огоҳликка чорловчи тадбирлар ҳам мунтазам ўтказилмоқда. Гиёҳвандликка қарши курашишни кучайтириш мақсадида ташкил этилган йирик форум ушбу йўналишда янги босқични бошлайди.

Йиғилишда БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг ижрочи директори Юрий Федотовнинг фикрлари иштирокчиларга ўқиб эшиттирилди.

Ижрочи директор йирик анжуманнинг Тошкентда ташкил этилгани учун имконият яратган Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирган. Ушбу сессия мамлакатларга минтақавий ҳамкорликни мувофиқлаштиришни, айниқса, Афғонистонда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришнинг рекорд даражалари ва бу билан боғлиқ муаммоларни ҳисобга олган ҳолда таҳлил қилиш учун яхши имконият беради. Қуйи комиссия йиғилишининг иштирокчилари гиёҳванд моддалар муаммоси билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашиш бўйича миллий ва халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш ва халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор.

БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бошқармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази ташкилотчилигида ўтаётган тадбирда гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашда минтақавий ва қуйи минтақавий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва бу билан боғлиқ бўлган бошқа масалалар муҳокама қилинмоқда.

Муаммони ҳал қилиш ҳар томонлама, кўп тармоқли, бир-бирини тўлдирувчи, мувозанатли, илмий асосланган ва комплекс ёндашувни талаб қилади. Шу мақсадда кенг форматли ушбу йиғилишда гиёҳвандликка қарши курашишда тезкор маълумот алмашишни янада ривожлантиришга аҳамият берилади. Чунки минтақавий ҳамкорлик платформаларининг ролисиз наркотик моддалар айланишига чек қўйиш мушкул.

Синтетик опиоидлар ва синтетик каннабиноидларнинг ноқонуний савдоси ва унга қарши кураш чораларини кучайтириш бўйича янги услубларни яратиш ва амалда жорий этиш бўйича фикр алмашилади. Чунки наркотик моддалар бугунги кунда бошқа ном ва бошқа кўриниш олиб, таъсир доираси ўсиб бормоқда.

Опиат моддалар ишлаб чиқариш ўчоқларига барҳам бериш, бу борада юзага келаётган муаммоларнинг ечимига эътибор қаратилади.

Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишнинг олдини олиш, айниқса, болалар ва ёшларни бунинг оқибатларидан огоҳ этишга оид тарғибот тадбирларини кучайтиришда таъсирчан услубларни кучайтириш зарур.Ушбу мавзулар беш кун давом этадиган йиғилиш иштирокчилари томонидан ишчи гуруҳларга бўлинган ҳолда батафсил кўриб чиқилади.

 

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться