Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди
2019-09-23 | Жамият
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари-хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи полковник Умида Абдуллаева ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, ЮНИСЕФ халқаро психолог-маслаҳатчилари Светлана Рижикова ва Гулчеҳра Ниғмаджоновалар билан учрашди.
Учрашувда, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, шунингдек “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари ҳамда бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси доирасида ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси томонидан амалга ошириш лозим бўлган муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Амалий мулоқот давомида Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги ўсмир қизларни тарбиялашга оид муассасада шарт-шароитларни янада яхшилаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон томонидан республикада хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига кўмаклашиш бўйича ЮНИСЕФ лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқиш таклифи берилди.
Учрашув якунида томонлар ушбу лойиҳани биргаликда ишлаб чиқиш, қизларни тарбиялаш бўйича муассасалар ўқитувчилари, шунингдек вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича ички ишлар органлари ходимлари учун семинарлар ва тренинглар ўтказиш, хусусан бунда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти имкониятларидан фойдаланган ҳолда кўриб чиқишга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги