Гиёҳвандликка қарши курашувчи кучларни бирлаштирган йирик халқаро анжуман бошланди
Тошкентда Яқин ва Ўрта Шарқда гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашда ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича учрашув ўз ишини бошлади.
Гиёҳвандликка қарши курашишда сезиларли ютуқларга эришилганига қарамай, наркотик моддалар муаммоси бутун инсоният саломатлиги, хавфсизлиги ва фаровонлигига таҳдид солишда давом этиб келмоқда.
Шу боис Яқин ва Ўрта Шарқ минтақасидаги гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси муаммосини ҳал қилиш учун ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрида Қуйи комиссиянинг 54-сессияси ташкил этилди.
Қайд этиб ўтиш керакки, мазкур комиссия БМТ Гиёҳванд моддалар бўйича комиссиянинг 6 (XXV) резолюцияси ва ЭКОСОС кенгашининг 1776 (LIV) резолюциясига мувофиқ 1973 йилда ташкил этилган.
Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган сессияда Афғонистон, Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Германия, Ҳиндистон, Италия, Эрон, Қозоғистон, Қувайт, Қирғизистон, Ливан, Покистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Буюк Британия, АҚШ, Яман каби давлатлардан вакиллар ҳамда халқаро ташкилотларнинг экспертлари иштирок этмоқда.
Анжуманнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов наркотаҳдидларга қарши курашишда халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. Ўзбекистон гиёҳвандликдек глобал муаммога қарши курашишда муҳим халқаро ҳужжатларни қабул қилган ва уларнинг бажарилиши бўйича халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттирмоқда. Сир эмас, бу иллатга кўпроқ ёшлар гирифтор бўлмоқда. Ўзбекистонда эса аҳолининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади.
Бугунги йирик форум бу борада янги босқични бошлайди. Йиғилишда БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Ижрочи директори Юрий Федотовнинг иштирокчиларга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
Қайд этилганидек, ижрочи директор йирик анжуманнинг Тошкентда ташкил этилгани учун имконият яратган Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорчилик билдирган.
Ушбу сессия мамлакатларга минтақавий ҳамкорликни мувофиқлаштиришни, айниқса Афғонистонда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришнинг рекорд даражалари ва бу билан боғлиқ муаммоларни ҳисобга олган ҳолда таҳлил қилиш учун яхши имконият беради.
Қуйи комиссия йиғилишининг иштирокчилари гиёҳванд моддалар муаммоси билан боғлиқ таҳдидларга қарши кураш бўйича миллий ва халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор.
Беш кун давом этадиган Қуйи комиссияга аъзо давлатлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан ушбу тадбирнинг асосий ташкилотчиси этиб белгиланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази билан биргаликда гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашда минтақавий ва қуйи минтақавий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолатини ва бу билан боғлиқ бўлган бошқа масалаларни муҳокама қиладилар.
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА
Манба: ЎзА