Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти ахбороти
2019-09-23 | Жамият
Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари берган маълумотга кўра 2019 йил 21 сентябрь куни Чимкент шаҳридаги Минтақавий ижтимоий-инновацион университетда Ўзбекистон Элчиси Саидикром Ниязходжаев, Чимкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари, Университет ректори Сандибай Боранбаев, Қозоғистон Халқ ассамблеяси раиси ўринбосари Шерзод Пулатов, Қозоғистон Халқ ассамблеясининг Чимкент шаҳри бўйича раиси ўринбосари Мурадали Халмурадов, Қозоғистон Республикаси ўзбекларининг “Дўстлик" этномаданий бирлашмалари ассоциацияси раиси Икрам Хашимджанов иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Чимкент шаҳрида таълим олаётган Ўзбекситон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш, қоидабузарларга қонуний чоралар кўриш ва келажакда нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш учун зарур профилактика тадбирларини ўтказиш борасида кўриладиган чоралар муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги Элчихонаси ва Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси (Чимкент шаҳри унинг консуллик округига киради) вазиятни назоратга олган. ТИВнинг топшириғига биноан Бош консулхона вакиллари шаҳарда бўлиб турибди, ҳудуд ва Университет раҳбариятлари, ўзбекистонлик талабалар билан алоқа ўрнатилган. Мамлакатимиздан борган талабаларга уларнинг дипломатик ваколатхона ҳимоясида эканлиги тушунтирилди.
Барча мавжуд муаммолар Чимкент шаҳри маҳаллий ҳокимияти билан биргаликда ҳал қилинади. Маҳаллий ҳокимият дипломатик ваколатхона фаолиятига ҳар томонлама ёрдам кўрсатмоқда.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти Қозоғистоннинг Олмаота ва Чимкент шаҳарлари, Олмаота, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Жамбил ва Қизилўрда вилоятлари ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатимизнинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатади: +7-727-299-20-70, +7-727-390-26-16.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги