Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Марказий сайлов комиссияси: сайлов кампанияси бошланди
2019-09-23 | Сайлов
Ўзбекистон катта сиёсий жараён - Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови арафасида турибди. Сайловлар мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида 20 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлиси ана шу йирик воқеага бағишланди.
Мажлисда Марказий сайлов комиссияси 2019 йил 22 декабрни - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови куни деб белгилади. Сайлов кампанияси 20 сентябрдан бошланиши эълон қилинди.
Мажлисда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловини ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури тасдиқланди.
Тадбирда тараққиётининг янги, демократик босқичига қадам қўйган Ўзбекистонда янги парламент ва янги маҳаллий кенгашларни сайлаш учун янгича руҳдаги сайловлар кампанияси бошланаётгани алоҳида таъкидланди.
Бўлажак сайловлар мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта муҳим устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган илғор демократик ғояларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлади. Жамиятимиз ҳаётидан кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар ранг-баранглиги, очиқлик ва ошкоралик, бағрикенглик тамойиллари тобора мустаҳкам ва кенг ўрин олмоқда.
Аввало, бу йил мамлакат парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар илк бор Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодекси асосида ўтади. Сайловларда биринчи марта бешта сиёсий партия ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга. Булар – “Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси.
Сайловларда 20 миллиондан ортиқ сайловчи, шулардан икки миллондан зиёд ёшлар илк бор, овоз беради.
Мажлис ниҳоясида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси, сиёсий партияларнинг раҳбарлари Халқаро матбуот марказининг махсус безатилган залига таклиф этилди. Улар шаффоф тугмачаларни босиб, сайлов кампаниясига тантанали равишда старт берди. Улкан экранда “2019 йил, 22 декабрь. “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар!” тасвири пайдо бўлди.
Маросимда ҳозир бўлган Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва ходимлари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий ва хорижий журналистларнинг қарсаклари янгради.
Сайлов кодексига биноан эндиликда сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлажак сайловларда 135 эмас, балки тўлиқ 150 сайлов округидан номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлди. Ўзбекистон Экологик ҳаракатига берилган квота чиқариб ташлангани партиялараро рақобатни кучайтиришга хизмат қилади.
Вилоятларда ҳудудий бўлинмалари ҳам иш бошлаган Халқаро матбуот марказида Сайловчиларга тезкор ахборот бериш маркази (Call-center) фаолияти йўлга қўйилади. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги республика ҳудуди бўйлаб абонентлардан марказга чиқувчи бепул қўнғироқлар амалга ошириладиган кўп тармоқли ва қисқа рақамли алоҳида алоқа линияси ажратади ҳамда унинг узлуксиз ишлашини таъминлайди.
Манба: Марказий сайлов комиссияси