Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Франция ташқи ишлар вазирининг вакили билан учрашув бўлиб ўтди
2019-09-20 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Франция ташқи ишлар вазирининг Марказий Осиёдаги иқтисодий дипломатия бўйича махсус вакили Паскал Лоро билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда, шунингдек, Франциянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Изабель Сервоз-Галлуччи, шунингдек, элчихона ва вазирликнинг масъул ходимлари иштирок этишди.
Музокаралар чоғида сармоявий, савдо-иқтисодий соҳадаги икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли амалий масалалари муҳокама қилинди. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиш динамикасига ижобий баҳо берилди. “Белдерсай-Чимган-Нанай” халқаро бутун-мавсум курортини барпо этиш лойиҳасини жадал амалга ошириш, шунингдек, “Дуоба” халқаро сайёҳлик комплексини қуриш лойиҳаси бўйича олиб борилаётган музокараларда ютуқларга эришилгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, икки томонлама муносабатларнинг ҳолатини таҳлил қилиш, аниқ таклиф ва лойиҳаларни ишлаб чиқишнинг самарали воситасига айланган: Ўзбекистон-Франция ҳукуматлараро комиссиясининг фаолияти билан боғлик масалалар муҳокама қилинди.
Томонлар савдо соҳасидаги ташрифларни ташкил этишга, экспорт учун ишлаб чиқилаётган истиқболли маҳсулотлар рўйхатини доимий равишда алмашишга, шунингдек томонларнинг икки мамлакатдаги тегишли кўргазмаларида фаол иштирок этишга ўзаро қизиқиш билдирдилар. Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди ва Франциянинг ўрта синф бизнеси томонидан Ўзбекистон бозорига қизиқиш борлиги қайд этилди, шунингдек, космик соҳани ривожлантиришга, ушбу соҳа бўйича профессионал таълим бериш ва мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашишни назарда тутган таклифлар билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги