Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Британиялик мутахассислар Ўзбекистонда халқ таълими тизимини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади
2019-09-20 | Таълим
Cambridge Assessment International Education компаниясининг етакчи мутахассислари Стив Кинг ва Доминик Слейд Британия Кенгаши лойиҳаси доирасида халқ таълими тизимини таҳлил қилди. Олинган маълумотларга асосланиб, мактабда таълимни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.
Cambridge Assessment International Education вакиллари Стив Кинг ва Доминик Слейд юртимизга ташрифи давомида халқ таълими соҳасида фаолият юритувчи турли ташкилотлар билан учрашувлар ўтказди. Мутахассислар учрашув доирасида қатор мактаб директор ва ўқитувчилари, шунингдек, ўқувчи ҳамда уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашди.
Хусусан, мазкур учрашувлар давомида британиялик мутахассислар халқ таълими тизимини ўрганишди. Натижаларга кўра, британиялик маслаҳатчилар томонидан халқ таълими тизимининг кучли ва заиф томонлари аниқланиб, дастлабки тавсиялар ишлаб чиқилди. Мазкур тавсиялар Халқ таълими вазирлиги раҳбариятига тақдим этилди.
Экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ўқитувчилар мавқеи тобора ўсиб бормоқда. Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари муаллимларни қадрлайди. Аҳамиятли жиҳати, мутахассислар томонидан ўқув дастури юқори баҳоланди.
Шу билан бирга, баъзи камчиликлар ҳам қайд этилди. Мутахассислар 10- ва 11-синф ўқувчиларига кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўриш учун фанларни танлаш имконияти бериш кераклигини тавсия қилди. Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш, компетенцияли ёндашув асосида ўқитишни енгиллаштириш учун дарсликларни қайта кўриб чиқиш таклифи берилди. Шунингдек, педагогик университетларга юқори билимга эга абитуриентларни жалб қилиш зарурлиги қайд этилди.
Британиялик мутахассислар мактаблар фаолиятини баҳоловчи ихтисослаштирилган ташкилот тузишни ва ўқитувчиларни сертификатлаш тизимини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. Шунингдек, экспертлар халқ таълими тизимида аниқланган муаммолар дунёнинг бошқа мамлакатларига ҳам хос эканлигини таъкидлади.
Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти мутахассисларга тизим бўйича якуний ҳисоботни тайёрлашда яна нималарга эътибор қаратиш кераклиги борасида ўз тавсияларини берди.
Таъкидлаш жоизки, Cambridge Assessment International Education мутахассислари Стив Кинг и Доминик Слейд олинган маълумотларга асосланган ҳолда якуний ҳисобот тайёрлайди. Мазкур ҳисоботда халқ таълими тизимидаги кучли томонлар ва мавжуд муаммолар, шунингдек, тизимни такомиллаштириш бўйича тавсиялар кўрсатилади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги британиялик мутахассисларнинг якуний ҳисоботини муҳокама учун нашр этишни режалаштирмоқда. Шундан сўнг, ушбу тавсиялар мамлакатимизда қўлланилиши мумкин.
Алоҳида таъкидлаш жоиз, британиялик мутахассислар ташрифи Буюк Британия Кенгаши томонидан Future English («Келажак учун инглиз тили») мактабларда инглиз тили ўқитишни такомиллаштириш лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 15 август куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Рейчел Айленд инглиз тили ўқитилишини ислоҳ қилишга қаратилган ҳаракатлар режаси тўғрисидаги келишув хатини имзолади.
Future English лойиҳаси Британия Кенгашининг таълим тизимида инглиз тилини ўрганиш ва ўқитишда сифатни таъминлашга қаратилган глобал стратегик режасини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, келгусидаги инновацияларни татбиқ этишга ҳамда ривожлантиришга туртки бўладиган тадқиқот ўтказишни кўзда тутади.
Лойиҳанинг асосий мақсади - меҳнат бозорига кириб бораётган ёки олий таълим олишга интилаётган мактаб битирувчиларининг инглиз тили даражаси бўйича кўтарилаётган ва қайта-қайта таъкидланаётган муаммоларни тадқиқ этиш ҳамда инглиз тилини ўқитишдаги миллий сиёсат ва муҳим стратегияларни яратишда қўл ееладиган, халқаро маълумотлар стандартлари билан таққосланиши мумкин бўлган ишончли маълумотлар танқислигини бартараф этишга қаратилган.
Мазкур лойиҳа мавжуд муаммоларни аниқ ва ишончли далиллар тўплаган ҳолда сифатли тадқиқот ўтказиш ҳамда натижалардан келиб чиқиб, ўқитувчиларнинг касбий ривожланиши ва малака оширишига кўмаклашиш орқали ҳал этишни кўзда тутган. Future English лойиҳа йўналиши инглиз тилини ўқитиш сиёсатини янада самаралироқ ривожлантиришда фойдали бўлувчи маълумот ҳамда натижаларни глобал ва минтақавий даражада таққослаш имконини беради. Вақт ўтиши билан маълумотларнинг янгиланиб бориши энг сўнгги тенденцияларни аниқлаш имконини беради ҳамда миллий тараққиётда инглиз тилининг роли ва таъсирини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.
Лойиҳанинг инглиз тилини ўқитишдаги эҳтиёжларни ўрганиш билан боғлиқ тадқиқот қисми ўқитувчиларнинг малакасини мақсадли ошириш миллий тизимини самарали ташкил этиш билан боғлиқ ислоҳотларда, айниқса, фойдали бўлиши кутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида ўқитувчиларнинг тил ўргатиш маҳорати ва касбий малакаларини такомиллаштиришга ва унинг натижасида олий таълимга ҳамда меҳнат бозорига кириб бораётган битирувчиларнинг муҳим кўникмаларни эгаллашларига, халқаро мобиллик жараёнида фаол бўлишларига эришиш имконини беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги