Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
БМТ махсус маърузачиси билан учрашув
2019-09-20 | Сиёсат
2019 йил 19 сентябрь куни парламент қуйи палатасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоиловнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллигига оид масалалар бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида меҳмонга Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Хусусан, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасидаги янгиликлар, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берилди. Иқтисодиётни ривожлантириш ва эркинлаштириш, хавфсизликни таъминлаш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш, шунингдек, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги, оқилона ташқи сиёсатни амалга ошириш жараёнлари тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шу билан бирга, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги таъминланаётгани, кучли ижтимоий сиёсат юритилаётгани, бу жараёнда парламентнинг роли тобора ошиб бораётгани қайд этилди. Бунда ислоҳотлар жараёнини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга, Ҳаракатлар стратегияси асосида унинг қонунчилик базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ташаббус қилиб киритилган ҳар қандай ижтимоий аҳамиятга молик масалалар қўллаб-қувватланиши лозим. Шу муносабат билан республикада фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ташаббуси механизми муваффақиятли тарзда фаолият кўрсатмоқда, фуқароларни қўллаб-қувватлашни шакллантириш натижаларига кўра, ушбу мурожаатлар мамлакат парламенти томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси ҳамда БМТ ва унинг тузилмалари, халқаро молия институтлари ва бошқа ташқи сиёсий шериклар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган, қамоққа олинган ва ушлаб турилган, шунингдек, маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш устидан парламент назоратини амалга оширишга қаратилган миллий превентив механизмни яратиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Музокаралар чоғида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришу янгиланишлар, мамлакат томонидан олиб борилаётган ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги, оқилона ташқи сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг тузилмалари билан жадал тарзда ривожланиб бораётган ҳамкорлиги, шу жумладан, парламентаризм соҳасидаги ҳамкорлиги парламентлараро мулоқотни чуқурлаштиришда томонларнинг ўзаро манфаатларига, амалий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳамда турли соҳаларда тажриба алмашишга асослангани қайд этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси