Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«TopGear», «Вокруг Света», «NationalGeographic» Ўзбекистоннинг туристик тарғиботига жалб қилинади
2019-09-18 | Туризм
Ўзбекистон ҳақида ноёб дастурлар тайёрлаш ҳамда уларни дунёнинг машҳур телеканалларида намойиш қилиш мақсадида «TopGear», «ВокругСвета», «NationalGeographic» каби таниқли телеканал ва кўрсатувлар вакилларини юртимизга жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Кун сайин замонавий ахборот технологиялари шиддат билан ривожланаётган даврда яшаётганимизни англаб бормоқдамиз, ахборот тақдим этиш ва унга эга бўлиш тобора енгиллашиб бормоқда. Ушбу ресурслардан фойдаланиш имкони эса мамлакатнинг ҳар қандай соҳасини ривожлантиришда муваффақиятли мисол бўлиб хизмат қилмоқда. Бу хизматдан туризм сектори учун фойдаланиш заруратини қайд этиш муҳим аҳамиятга эга, зеро ахборот ёрдамида мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини ҳам оғзаки, ҳам визуал, ҳам ёзма етказиш мумкин.
Ахборот бозоридан фойдаланган ҳолда, мамлакат туристик салоҳиятини тезкор суръатларда ошириш мумкин, бу айниқса туристик реклама мақсадига етишиш учун муҳим.
Шу муносабат билан Ўзбекистон имижини шакллантириш ҳамда унинг жаҳон бозорида танилишини ошириш мақсадида «TopGear», «Вокруг Света», «NationalGeographic» каби машҳур платформалар билан ҳамкорликда ишлаш ва Ўзбекистон ҳақида ноёб дастурлар тайёрлаш мамлакат туристик салоҳияти тарғиботида самарали ёндашув ҳисобланади.
Рекламанинг ушбу тури ҳар доим ахборот майдонининг бир қисми бўлиб қолади ва бу охир-оқибат турли платформалардан (телевизорлар, планшетлар, компьютерлар ва ҳ.к.) томоша қилувчи аудиториянинг юқори қамровига олиб келади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги