Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наманган муҳандислик-технология институти Покистон миллий енгил саноат университети билан ҳамкорлик ўрнатди
2019-09-18 | Таълим
Айни кунларда Наманган шаҳар ҳокимлиги, тадбиркор-ишбилармон доиралар вакиллари ва Наманган муҳандислик-технология институтининг профессор-ўқитувчиларидан иборат делегация Покистонда бўлиб турибди.
Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги делегация аъзолари ташриф давомида Файсалобод шаҳрига бордилар.
Маълумот ўрнида, Панжоб вилоятида жойлашган ушбу шаҳар Покистонда нуфузи жиҳатидан Карачи ва Лаҳордан кейинги ўринда турадиган шаҳар ҳисобланади. Мазкур “сити”да 3 миллион 500 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Қайд этиш жоиз, Файсалобод шаҳри Покистоннинг текстиль маркази ҳисобланади ва экспортининг салкам 70 фоизини айнан текстиль маҳсулотлари ташкил этади.
Делегациянинг Файсалобод шаҳрига сафари давомида амалий натижага эришилди, яъни Наманган муҳандислик-технология институти ҳамда Покистон миллий енгил саноат университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
НамМТИ ректори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Одилжон Маматкаримов тасдиқлаган мазкур битимга мувофиқ, Наманган муҳандислик-технология институтида Покистондаги университет билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган текстиль маҳсулотларини жаҳон стандартлари даражасида синовдан ўтказиш ва сертификациялаш лабораториясини ташкил этилади. Иккала олий таълим муассасаларининг педагоглар ва талабаларининг ўзаро тажриба алмашинуви йўлга қўйилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги