Европа Иттифоқининг Erasmus+ таълим, касбий тайёргарлик, спорт ва ёшлар билан ишлаш, лойиҳалар дастури чорак асрдан буён Ўзбекистон олий таълим тизимида самарали амалга ошириб келинади.
Тошкентдаги Халқаро бизнес марказида Tempus ва Erasmus+ дастурлари доирасида Ўзбекистон ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг 25 йиллигига бағишлаб матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддилари, халқаро ташкилотлар вакиллари, Erasmus+ лойиҳалари жамоалари, журналистлар иштирок этди.
Европа Иттифоқи мамлакатлари билан энг самарали ҳамкорлик 1994-2013 йилларда Tempus дастури, 2007-2014 йилларда Erasmus Mundus дастури асосида амалга оширилди. 2014 йилдан буён эса Erasmus+ дастури амалда. Мазкур дастур мамлакатимизда олий таълимни ривожлантириш ва модернизация қилишга кўмаклашишни кўзлайди. Айни пайтда юртимизнинг 70 га яқин олий таълим муассасаси Erasmus+ лойиҳалари бўйича катта тажрибага эга.
– Мазкур соҳага доир барча дастурлар Ўзбекистон ҳукуматининг олий таълимни ривожлантириш бўйича мақсад-муддаоларига ҳамоҳанг экани билан аҳамиятлидир, – деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси вакили Юсси Нарви. – Ишонаманки, Ўзбекистон ҳам Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўқитувчилар ва талабалар ўртасидаги академик алмашинувни таъминлашга бирдек ҳисса қўшади. Ушбу дастур ўзбекистонлик ёшларга Европа мамлакатларининг етакчи университетларида таҳсил олиш имконини беради. Шуни ҳам айтишни истардимки, бугун Ўзбекистонда таълимга қаратилаётган эътибор бизни қувонтирди.
– Ўтган 25 йил мобайнида бирор лойиҳа ижроси юзаки қилингани йўқ, – деди Erasmus+ миллий офисининг Ўзбекистондаги координатори Азиза Абдураҳмонова. – Иқтидорли ёшларнинг Европадаги етакчи университетларда таҳсил олиши, грантлар, стипендиялар бўйича махсус дастурлар, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, педагогларнинг касбий салоҳиятини янада юксалтиришга доир бу лойиҳалар ҳозирда ҳам изчил ва муваффақиятли давом эттирилмоқда.
Дарҳақиқат, ўқитувчиларни қайта тайёрлаш, менежмент ва бизнес соҳасида ўқув дастурларини яратиш, замонавий ўқув лабораторияларини ташкил этиш, юртимиз олий таълим даргоҳлари ҳамда Европанинг етакчи университетлари ўртасидаги ҳамкорликни ўрнатишда Tempus ва Erasmus+ дастурларининг аҳамияти катта бўлди. Бу борадаги лойиҳа ва дастурларнинг муваффақиятли амалга оширилишида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Гулистон давлат университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Урганч давлат университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Турин политехника университети, Қорақалпоқ давлат университети каби олий таълим муассасалари етакчи ўрин эгалламоқда. Истиқболда эса бу борадаги ҳамкорликни тобора кенгайтириш белгиланган.
Матбуот анжуманида жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган "Erasmus кунлари – 2019" ҳафталиги ҳақида ҳам маълумот берилди.
Назокат УСМОНОВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА