Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Швецияда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирокида Ўзбекистон Мустақиллигига бағишланган тадбир ўтказилди
2019-09-17 | Жамият
15 сентябрь куни Швеция пойтахти Стокгольм шаҳрида Ўзбекистон Мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди. Тадбир Швецияда истиқомат қилаётган фаол ватандошлар томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси, Швецияда фаолият юритувчи туркомпаниялар вакиллари ва 100 дан ортиқ ватандошимиз иштирок этишди.
Стокгольмдаги тадбир давомида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди. Хусусан, йиғилганлар юртимизда туризмни ривожлантиришга доир амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳани жадал ривожлантириш тўғрисидаги қарорлар, юртимизнинг инвестиция салоҳияти каби маълумотлардан хабардор қилинди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ватандошлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда Швецияда кўплаб ўзбек диаспораси яшашини инобатга олиб, хорижда Ўзбекистон туристик брендини тарғиб қилиш имкониятларига доир амалий масалалар муҳокама қилинди ҳамда ватандошларимиз билан ҳамкорлик истиқболлари белгиланди. Шунингдек, Швецияда истиқомат қилаётган ватандошларимизни бирлаштириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистоннинг маданий-маърифий туризм марказини ташкил қилиш ҳақида келишиб олинди.
Ўзбекистон филармонияси “Суғдиёна” миллий чолғулари камер оркестри томонидан ижро этилган миллий куй-қўшиқлар йиғилганларга байрамона кайфият бағишлади.
“Ўзбекистоннинг Мустақиллик кунига бағишланган байрам тадбирининг ташкил этилганидан жуда ҳурсандман. Юртимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар дунё аҳли орасида катта қизиқишга сабаб бўлмоқда. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари билан промо-тадбирларни ташкил этишга келишиб олдик. Умид қиламанки, кейинги йил ҳам, албатта, бугунгидек тадбирларни бирга нишонлаймиз” – дейди ватандошимиз, “GD Acconting AB” фирмаси асосчиси Ғанишер Дарҳонов.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги