Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Миср сиёсий маслаҳатлашувлари тўғрисида
2019-09-17 | Сиёсат
2019 йил 16 сентябрь куни Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон-Миср вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг 9-раунди бўлиб ўтди.
Томонлар делегацияларига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дилшод Ахатов ва Миср Араб Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ҳани Салим раҳбарлик қилди.
Музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари батафсил муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Абдулфаттоҳ ас-Сисининг 2018 йил 4-5 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган олий даражадаги самарали музокаралари икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқганлиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, маънавий, тарихий ва маданий умумийлик, халқларимиз урф-одатларининг ўхшашлиги Ўзбекистон-Миср муносабатларининг мустаҳкам асосидир. Ўзбекистон Мисрни араб дунёси ва Африка қитъасидаги истиқболли шерик сифатида кўради.
Ҳозирги вақтда географик жиҳатдан узоқлиги туфайли икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликнинг мавжуд салоҳияти етарлича фойдаланилмаган. Шу нуқтаи назардан, Ҳукуматлараро қўшма комиссия ва Ўзбекистон-Миср ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги мажлисларини ўтказиш долзарб аҳамиятга эга бўлиб, ушбу йўналишдаги алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим механизми эканлиги қайд этилди.
Томонлар Бухоронинг 2020 йилда “Ислом маданияти пойтахти" деб эълон қилиниши муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда Мисрнинг иштирок этишига қизиқиш билдирдилар.
Исломий меросни ўрганиш доирасида томонлар Миср илмий муассасалари билан Самарқанд шаҳридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганлигини юқори баҳоладилар. Учрашувда томонлар Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Шарқшунослик институти билан Миср Маданият вазирлиги қошидаги Китоблар уйи ва Архивлар муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватладилар, бу эса икки мамлакат илмий муассасаларида сақланаётган нодир қўлёзмаларни биргаликда ўрганишга имкон беради.
Музокараларда туризм, маданият, фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Миср ТИВ ҳузуридаги Миср шерикликни ривожлантириш агентлиги билан ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги