Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ишчи гуруҳининг Тожикистонга ташрифи
2019-09-17 | Хавфсизлик соҳаси
16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари полковник Азиз Анварович Ташпулатов бошчилигидаги ИИВ ишчи гуруҳи ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Тожикистон Республикасига ташриф буюрди.
Меҳмонларни Турсунзода шаҳри “Дусти” НЎПда Тожикистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари милиция генерал-лейтенанти Аламшозода Абдурахмон Аламшо бошчилигида ИИВнинг бир қатор тегишли раҳбарлари кутиб олдилар.
Шу куни Ўзбекистон ва Тожикистон Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси бошлиғи, Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Жиноят қидирув бош бошқармаси тезкор-қидирув фаолияти бўлими бошлиғи ва Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи қатнашди. Мезбонлардан Жиноят қидирув, Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш, Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, Халқаро ҳамкорлик бошқармалари ва Паспорт-рўйхатлаш хизмати раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир доирасида иккала давлат Ички ишлар вазирлиги вакиллари томонидан терроризм, экстремизм, ноқонуний миграция, уюшган жиноятчилик ва қидирув фаолияти юзасидан икки томонлама ҳамкорликдаги ишларнинг бугунги ҳолати ва келажак истиқболлари, шунингдек, наркотик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги, уларни мукаммаллаштириш йўллари, йиғилиш якунини умумлаштириш масалалари ҳамда Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиш куни ва жойи муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида томонлар келишув ҳужжатини имзоладилар.
Шунингдек, Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазири милиция генерал-полковниги Рахимзода Рамазон Хамро Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари полковник Азиз Анварович Ташпулатовни қабул қилди.
Эртага Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси бир қатор жойларга ташриф буюришлари режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги