Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро семинарда Ўзбекистон тажрибаси кўрсатилди
2019-09-17 | Таълим
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармаси Қозоғистон менежмент, иқтисодиёт ва прогнозлаштириш университети (ҚМИЭП) билан ҳамкорликда 2019 йил 11-12 сентябрь кунлари Қозоғистон Республикаси, Олма-ота шаҳрида “Терроризмнинг олдини олиш ва қурол-яроғ савдосига қарши курашиш” мавзусида олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари учун семинар бўлиб ўтди.
Семинарнинг мақсади – олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг терроризм ва қурол-яроғ савдосига қарши курашиш бўйича модуллар билан тўлиқ таништириш, Ўрта Осиё олий таълим муассасаларининг бакалавр ва магистратура босқичларида модулларни ўқитишнинг самарали усулларини кўриб чиқиш, иштирокчиларнинг модулга асосланган курсларни ўқитишда уларнинг қобилиятини кучайтириш, модулларни таълим муассасасида мавжуд ёки янги курсларга уйғунлаштиришда иштирокчиларни қўллаб-қувватлаш масалаларида шахсий фикр-мулоҳазаларини бирлаштириш ҳисобланади.
Мазкур семинарда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармаси томонидан илгари сурилган “Адолат йўлида таълим” (Е4J) ташаббуси доирасида терроризмнинг олдини олиш ва қурол-яроғ савдосига қарши курашиш бўйича олий таълим муассасалари талаба-ёшларининг билим ва кўникмаларини ошириш, жаҳон интернет ва ижтимоий тармоқлардаги турли маълумотлар, ғоялар, мафкураларни таҳлил қилиш ҳамда тўғри хулоса чиқаришларида профессор-ўқитувчилар томонидан тарғибот-ташвиқот ишлари, ўқув машғулотлари, индивидуал суҳбатларни олиб боришда уларга методик тавсиялар, кўрсатмалар юқори малакали мутахассислар томонидан тақдимот материаллари, аудио ва видеоматериаллар асосида иштирокчиларга тушунтириб берилди.
Шунингдек, ушбу нуфузли халқаро семинарда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўлим бошлиғи Умидулла Саттаров иштирок этиб, олий таълим тизимида мавзуга оид талаба-ёшлар билан профилактик тадбирларнинг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб борилиши, тарғибот-ташвиқот ишларининг таъсирчан усулларидан фойдаланиш борасида Ўзбекистон тажрибаси билан ўртоқлашди. Семинар иштирокчиларида юртимиз тажрибаси катта қизиқиш уйғотди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги