Термиз шаҳрида жорий йилнинг 21-22 сентябрь кунлари “Open South International Business Forum II” халқаро бизнес-форуми бўлиб ўтади.
Сурхондарё вилояти ер ости ва ер усти табиий бойликларига сероб воҳа. Бу хорижий давлатлар сармоядорлари билан тенг шерикликка асосланган истиқболли бизнесни йўлга қўйиб, ҳудуд имкониятларидан самарали фойдаланишда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, зиёрат, эко ва агротуризм, соғломлаштириш ва гастрономик сайёҳлик йўналишлари ривожланиб бормоқда. Кичик туризм зоналарини ташкил этиш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилаётир.
Вилоятда иккинчи марта ўтказилаётган мазкур тадбир ҳам ҳудудга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, хорижий давлатларнинг бизнес ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар вакилларини воҳанинг инвестиция, экспорт, туризм салоҳияти ва имкониятлари билан яқиндан таништиришга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлмоқда. Айни пайтда вилоятда халқаро форумни юксак савияда ўтказишга тайёргарлик ишлари қизғин давом этаётир. Жумладан, кўча ва хиёбонларни форум руҳига мос баннер ҳамда паннолар билан безаш, Термиз шаҳридаги Санъат саройини техник жиҳозлаш, Термиз туманидаги “Termiz kargo” экспорт маркази павильонларида воҳада ишлаб чиқарилаётган рақобатбардош турли тайёр маҳсулотлар кўргазмаларини ташкил этиш, товар ишлаб чиқарувчилар тақдимотларини ўтказишга алоҳида эьтибор берилмоқда.
Маълумотларга кўра, “Open South International Business Forum II” халқаро бизнес-форумида жаҳоннинг 37 давлатидан 360 дан ортиқ ишбилармон доира вакиллари ҳамда хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари, чет эл ваколатхоналари ходимлари иштирок этиш истагини билдирган. Ўтган йил ёз фаслида бўлиб ўтган илк бизнес- форумда дунёнинг 25 давлатидан 254 иштирокчи қатнашиб, қиймати 351 миллион долларлик 47 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишга келишишган ва 214 миллион долларга тенг 44 та ташқи савдо шартномаси имзоланган эди. Мазкур шартномалар асосида вилоятда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Демак, навбатдаги бизнес-форум ҳам ҳар икки тараф учун фойдали келишувларга бой бўлади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА
Манба: ЎзА