Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг тантанали очилиш маросимидаги нутқи
2019-09-16 | Сиёсат
Ҳурматли фестиваль иштирокчилари!
Муҳтарам меҳмонлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Аввало, сизларни сўлим ва мафтункор Фарғона водийсида, қадимий ва гўзал Қўқон шаҳрида қутлашдан бағоят мамнунман.
Барчангизни ЮНЕСКО раҳнамолигида ўтказилаётган биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг тантанали очилиши билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Фурсатдан фойдаланиб, Жаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти, ҳурматли Рози Гринлис хонимга анжуманимизда шахсан иштирок этаётгани учун самимий миннатдорлик билдиришга рухсат этгайсиз.
Фестивалимизга ташриф буюрган Россия Федерацияси маданият вазири Владимир Мединскийни, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Ақтўти Раимқуловани, Туркманистон маданият вазири Атагелди Шамурадовни, Тожикистон Республикаси маданият вазири Шамсиддин Ўрумбекзодани, Озарбайжон Республикаси маданият вазири Абулфас Гараевни, Қирғизистон Республикаси маданият, ахборот ва туризм вазири Азамат Жаманқуловни, Беларусь Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Наталья Карчевскаяни, Арманистон Республикаси таълим, фан, маданият ва спорт вазирининг ўринбосари Нарина Хачатурянни чин дилдан қутлаймиз.
Бундан ташқари, Хитой санъат ва ҳунармандчилик уюшмаси президенти Ху Нианшага, Ҳиндистоннинг Харяна штати туризм вазири ўринбосари Вижай Вардханга, Малайзия халқ амалий санъатини ривожлантириш корпорацияси бош директори Энчик Ибрагим бин Исмоилга, шунингдек, ЮНЕСКОнинг юқори мартабали вакиллари ҳамда Жаҳон ҳунармандлар кенгашининг Осиё-Тинч океани, Америка ва Африка минтақалари бўйича раҳбарларига самимий миннатдорлик билдирамиз.
Даврамизда хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги муҳтарам элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларини кўриб турганимиздан хурсандмиз.
Фестивалимизда дунёнинг 78 та давлатидан 370 дан зиёд моҳир ҳунарманд, таниқли маданият арбоблари, санъатшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.
Барчангизни чин юракдан қутлаб, Ўзбекистонга, ушбу анжуманга бўлган катта ҳурмат ва эътиборингиз учун ташаккур изҳор этаман.
Ҳурматли фестиваль иштирокчилари!
Маълумки, умумбашарий маданиятнинг ажралмас қисми бўлган халқ амалий санъати дунёдаги ҳар бир халқ ҳаётида, унинг турмуш тарзи ва қадриятлари ривожида алоҳида ўрин тутади.
Инсониятнинг онгли ҳаётида ҳунармандчиликнинг пайдо бўлиши – бу цивилизация сари ташланган энг муҳим тарихий қадам, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.
Башарият фахри бўлган буюк шаҳарлар, меъморий обидалар, тарихий ва археологик ёдгорликлар, минглаб музейлардаги нодир экспонатлар бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Ҳаммамизга аёнки, халқ амалий санъати – бу аввало, табиат билан уйғун бўлиб, табиатдан завқ ва илҳом олиб, бетакрор ижод намунасини яратишдир.
Ўзингиз тасаввур қилинг, оддий қора тупроқдан, бир бўлак темир ёки ёғоч парчасидан ноёб ва гўзал буюмлар яратиш, таъбир жоиз бўлса, уларга “жону тил” бағишлаш учун ҳунармандга нафақат машаққатли қўл меҳнати, балки қалб ҳарорати керак. Нозик дид ва маҳорат, сабр-тоқат, энг муҳими, ўз касбига чексиз меҳр ва садоқат, фидойилик керак.
Шу билан бирга, чинакам ҳунар соҳиби – у кулол бўладими, кандакор ёки тўқувчи бўладими, наққош ёки заргар бўладими – ўз ишини аъло даражада бажариш учун жуда кўп илмлардан, аввало, кимё, биология, тиббиёт, физика, геометрия, астрономия, тарих, фалсафа каби фанлардан хабардор бўлиши, уларни амалда қўллай билиши зарур.
Шу борада биргина мисол келтирмоқчиман.
Бутун дунёга машҳур бўлган миллий каштачилик санъатимиз, қадимий сўзаналаримиздаги сирли, мўъжизали, илоҳий нақшлар, ранглар жилоси замирида фалакиёт илми, космогоник тасаввурлар мужассам экани ҳар қандай одамни ҳам ҳайратга солади.
Халқимиз азалдан ўз касбининг чинакам фидойиси бўлган моҳир ҳунармандларни “уста” ва “устазода” деган номлар билан улуғлаб, эъзозлаб келади.
Шу ўринда буюк мутафаккир Баҳоуддин Нақшбанд бобомизнинг “Ҳунар шундай тулпорки, унга минган киши албатта ҳурмат-эътибор топгай ва саодат манзилига етгай”, деган ҳикматли сўзларини эслаб ўтишни жоиз, деб биламан.
Келгуси йили таваллудининг 700 йиллиги нишонланадиган бу табаррук зот нафақат азиз-авлиё, аввало, ўзлари ҳам етук ҳунарманд, аҳли ҳунарнинг пири бўлганлар. Бу улуғ сиймонинг “Дилинг – Оллоҳда, қўлинг – меҳнатда бўлсин” деган эзгу даъватига амал қилиб, юртимиздаги минг-минг ҳунармандлар ўзларининг машаққатли, ҳалол меҳнати, инсоний фазилатлари билан халқимизга, ёшларимизга ибрат ва намуна бўлиб келмоқдалар.
Айни вақтда бугунги глобаллашув ва юксак технологиялар асрида халқ амалий санъатига шунчаки ўтмиш ёдгорлиги сифатида беписанд қараш ҳолатлари ҳам, афсуски, учраб турибди. Агар бу нодир санъатни давлат ва жамият томонидан кенг қўллаб-қувватламас эканмиз, эртага кеч бўлади – ҳунармандлик соҳаси бугунги даврнинг кескин рақобатига бардош беролмайди.
Шу маънода, жаҳон халқ амалий санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, бу бебаҳо бойликни келгуси авлодларга безавол етказиш, бу йўлдаги саъй-ҳаракат ва имкониятларимизни бирлаштиришда мана шундай халқаро анжуманларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Ўзбекистонда ҳунармандлар меҳнатини қадрлаш, уларнинг самарали фаолият юритишлари учун тегишли ҳуқуқий асос, имконият ва имтиёзлар яратиб берилмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган, ўз сафларида минглаб усталарни бирлаштирган “Ҳунарманд” уюшмаси фаолият кўрсатмоқда.
Бухоролик машҳур зардўз Муяссар Темирова, самарқандлик таъмирчи уста Мирумар Асадов, фарғоналик ёғоч ўймакори Абдуғани Абдуллаев каби юртдошларимиз мамлакатимизнинг энг олий мукофоти – Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлгани ушбу соҳа вакилларининг шарафли меҳнатига юксак эътибор ифодасидир.
Биз фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг замонавий билимлар билан бирга, халқ амалий санъати сирларини ҳам пухта эгаллаши учун кенг имкониятлар яратиб бермоқдамиз. Республикамиз пойтахти ва жойларда ушбу йўналишда ўнлаб фестиваль ва ярмаркалар, савдо кўргазмалари, кўрик-танловлар ўтказилмоқда, ёшлар учун ҳунармандчилик мактаблари ташкил этилмоқда. Энг муҳими, бу соҳа вакиллари мамлакатимизда янги иш ўринлари яратиш, ёшларни ижтимоий меҳнатга жалб этиш, туризмни ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда.
Биз тарихимиз, миллий ўзлигимиз тимсоли бўлган, қадимий ва бой анъаналарга эга ҳунармандчилик соҳасини ривожлантиришга янада катта эътибор берамиз. Бу борада мазкур халқаро фестиваль давомида ўртага ташланадиган амалий фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар, ҳеч шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади.
Қадрли дўстлар!
Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган Халқаро ҳунармандчилик фестивали учун айнан Қўқон шаҳри танлангани албатта, бежиз эмас. Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу қадимий шаҳар ҳақли равишда “олтин водий” деб ном олган гўзал Фарғона водийсининг гавҳаридир.
Икки минг йиллик шонли тарихга, сўлим табиатга эга, қанча-қанча буюк воқеаларга гувоҳ бўлган Ҳўқанди латиф миллий давлатчилик, илму ҳунар, санъат ва адабиёт равнақининг ёрқин тимсолидир.
Кўҳна Фарғона замини жаҳон илм-фани ва маданиятига Аҳмад Фарғоний, Бурҳонуддин Марғиноний, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Амирий ва Нодирабегим, Жаҳон отин Увайсий, Мавлоно Муқимий, Зокиржон Фурқат каби ўнлаб мутафаккир зотларни, улуғ шоир ва адибларни, Қодиржон Ҳайдаров сингари машҳур ҳунар усталарини етказиб бергани билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Биргина мана шу Фарғона вилоятининг ўзида миллий ҳунармандчиликнинг қандай машҳур брендлари бор. Бу ҳақда гапирганда, Марғилоннинг камалакдек товланадиган машҳур атлас ва адрасларини, Риштоннинг бетакрор кулолчилик санъатини, Қўқоннинг ёғоч ўймакорлиги ва наққошлик мактабларини, ўйлайманки, ортиқча таърифлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ.
Бугунги кунда бутун юртимиз, бутун Фарғона вилояти каби Қўқон шаҳри, унинг қиёфаси ҳам тубдан ўзгариб, ҳар томонлама обод бўлиб, мамлакатимизнинг йирик иқтисодий ва маданий марказларидан бирига айланмоқда.
Хабарингиз бор, ушбу фестиваль арафасида шаҳар ҳаётида яна бир муҳим воқеа юз берди. Жаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан Қўқон шаҳрига “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” деган юксак унвон берилди. Яъни, Қўқон шаҳри дунё ҳунармандчилик харитасида ҳам муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.
Қўқон шаҳри Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида биринчи бўлиб ушбу рўйхатга киритилганини биз мамлакатимизда халқ амалий санъатини ривожлантиришга қаратилган ишларимизга халқаро миқёсда берилган катта баҳо, деб қабул қиламиз.
Куни кеча Жаҳон ҳунармандлар кенгашининг Осиё – Тинч океани минтақаси президенти Гада Ҳижобий Қаддумий хоним Қўқон шаҳрига ана шу гувоҳномани тантанали равишда топширди.
Мана шу қувончли айёмда муҳтарам Қўқон аҳлини, бутун Ўзбекистон ҳунармандларини ана шундай юксак эътироф билан чин дилдан табриклайман.
Бундай улкан эътибор учун Жаҳон ҳунармандлар кенгаши ва унинг президенти, ҳурматли Рози Гринлис хонимга ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз.
Муҳтарам юртдошлар!
Азиз меҳмонлар!
Ушбу халқаро фестиваль нафақат кўпмиллатли Ўзбекистон халқи, балки жаҳон ҳунармандлари, бутун дунё усталарининг катта байрами, десак, тўғри бўлади.
Бу – олис тарих ва бугунги замон нафасини, турли қадрият ва анъаналарни ўзида яққол намоён этадиган, муштарак дилларни бирлаштирадиган чинакам дўстлик ва ҳамкорлик анжуманидир.
Аминманки, дунёда тинчлик ва ҳамжиҳатликни, гўзаллик ва нафосатни тарғиб этадиган бу фестиваль жаҳон майдонида албатта ўзининг муносиб ўрнини топади.
Барчангизни меҳмондўст ва саховатли Ўзбекистон заминида яна бир бор чин юракдан қутлайман.
Ушбу анжуманни юксак савияда ўтказиш учун сидқидилдан хизмат қилган барча юртдошларимизга, меҳнаткаш, оқкўнгил, бағрикенг Фарғона элига, Қўқон аҳлига самимий ташаккур билдираман.
Фестивалнинг барча қатнашчиларига, муҳтарам меҳмонларимизга сиҳат-саломатлик, янги ижодий ютуқлар тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти