Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммолар кўриб чиқилди
2019-09-13 | Сиёсат
2019 йил 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.
Унда ёшларга оид давлат сиёсатини янада самарали рўёбга чиқариш ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан вакиллик ва ижро ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Мажлисда Қўмита аъзолари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, бир қатор вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, ёшлар алоҳида ижтимоий гуруҳ сифатида жамият ва давлат ривожида муҳим ўрин тутади. Ҳозирги йигит-қизлар – мамлакатимиз келажагини бугунданоқ белгилаётган, юртимиз тараққиёти йўлида янги ғоялар, куч ва имкониятларни ишга солишга қодир улкан кучдир. Шу боис уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, интилиш ва қобилиятларини рўёбга чиқариш учун барча шарт-шароитларни таъминлаш – давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши мамлакатда бу борада олиб борилаётган ишларнинг янги босқичга олиб чиқилишига, уларнинг келажаги учун янги саҳифа очилишига катта қадам бўлди.
Ўтган қисқа вақт ичида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси ва амалий кўмаги асосида Ёшлар иттифоқи фаолиятига доир жами 40 та қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг 3 та қонуни, Давлатимиз раҳбарининг 5 та фармони, 8 та қарори, 2 та фармойиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор ҳужжатлари шулар жумласидан. Қолаверса, ёшлар масалалари билан боғлиқ 70 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятига яқиндан кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, ҳудудларда эса ҳокимлар раислигида Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгашлар фаолияти йўлга қўйилди.
Ёшларга муносиб шарт-шароитлар яратиб берилаётганлигига қарамасдан, айрим мутасадди ташкилот раҳбарларининг сусткашлиги сабабли йигит-қизлар билан боғлиқ аксарият муаммоларни ҳамон тўлиқ бартараф этиб бўлмаяпти. Жойларда мутасадди раҳбарлар томонидан бу масалани менсимасдан, ёшлар ҳаёти, ўй-кечинмалари, орзу-умидларига эътиборсиз қараш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги Фармонига асосан “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқиб, жорий йилда Давлат дастури қамровини янада кенгайтириш бўйича Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда тизимли ишлар амалга оширилиб, 2,1 трлн. сўмга яқин 8913 та бизнес лойиҳанинг манзилли рўйхати соҳаларга ажратилган ҳолда туман (шаҳар)лар кесимида ишлаб чиқилди. Бироқ жойларда мутасаддиларнинг эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги, қолаверса тегишли вазирлик ва идоралар, молия муассасаларининг маҳаллий ҳокимиятлар билан ҳамкорлиги лозим даражада йўлга қўйилмаганлиги боис мамлакатимиз келажаги учун муҳим бўлган ушбу дастур кўпгина вилоятларда қониқарсиз бажарилмоқда.
Шунингдек, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, бандлиги таъминлаш, нофаол ёшлар билан ишлаш борасида самарадор чора-тадбирлар амалга оширилмаган.
Таъкидланганидек, ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда асосий омил – уларнинг самарали бандлигини таъминлаш борасида ҳам қатор камчиликлар мавжуд. Ёшларни муносиб иш билан таъминлаш, жумладан, улар учун барқарор ҳамда истиқболли иш ўринларини яратиш, ёшларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларига иш берувчилар томонидан риоя этилиши устидан қатъий назоратни йўлга қўйиш тақозо этилади. Зотан, ҳар йили мамлакат меҳнат бозорига таълим муассасаларини тамомлаган қарийб 450 минг нафар ёш ўғил-қиз кириб келмоқда.
Сўзга чиққанлар томонидан қайд этилганидек, юқорида кўрсатилган рақамлар ортида келажакка умид билан боқиб турган, ўз орзу ва интилишларини рўёбга чиқариш имконини излаётган ёшларимизнинг эртанги куни мужассам. Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида алоҳида дастурлар қабул қилиниши лозим.
Мажлисда тилга олинган камчиликларни бартараф этиш юзасидан бир қатор тавсиялар билдирилди. Хусусан, ёшларни ислоҳотларга фаол жалб қилишнинг ўзига хос услуби сифатида “Ҳоким ва ёшлар” учрашувларини мутлақо янгича, замонавий руҳда ташкил қилиш механизмини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, ёшларни “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” ғояси остида бирлаштириш, улар қалбида ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, чуқур илм олишга ва китоб мутолаасига тизимли жалб этиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.
Мажлисда муҳокама этилган масала бўйича Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати