Пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ" миллий кўргазмалар мажмуида Халқаро тўқимачилик маҳсулотлари ва мода индустрияси кўргазмаси доирасида модалар намойиши ўтказилди.
Тадбирда сўз олган "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров мамлакатимизда тўқимачилик тармоғининг равнақига қаратилаётган саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз дизайнерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш ва халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик ўрнатишга хизмат қилишини қайд этди.
Тошкент глобал тўқимачилик кунлари доирасида ташкил этилган ушбу тадбир соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлиш баробарида маҳаллий ва хорижлик дизайнерларни янги ғоялар устида ишлаш, ижодкорликка ундаш ва ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга имконият яратиши билан эътиборлидир.
– 2004 йилдан буён дизайнерлик билан шуғулланиб келаман, – дейди бухоролик дизайнер Умида Қобилова. – Мақсадим миллий матолардан замонавий либослар яратиш. Бугунги намойишда миллий ва Европа услуби уйғунлигида либослар коллекциясини мухлислар эътиборига ҳавола этдим. Ўйлайманки, бу ижод намуналарим уларга манзур бўлади.
Тадбирда "Само", "Элегант гармент", "Сафо" каби маҳаллий дизайнерларнинг коллекциялари тақдим этилди. Улар орасида "Шарқ либослари" коллекцияси бир-биридан қизиқарли ва бетакрорлиги билан барчага манзур бўлди. Намойишда нафақат маҳаллий дизайнерлар, балки Жанубий Корея ва Туркиядан келган ижодкорларнинг либослар тўплами ҳам иштирокчиларни бефарқ қолдирмади.
Н.ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА
Манба: ЎзА