ЎзРТХБ АЖ хорижлик мижозлар учун хизмат кўрсатишнинг ягона механизмини ишга туширди
Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржасида (ЎзРТХБ) экспорт биржа келишувлари бўйича ҳисоб-китобларни ташкил этиш мақсадида "Трастбанк" ва "Транскапиталбанк" билан қўшма лойиҳани амалга оширишга бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Унда ЎзРТХБ, "Трастбанк", "Транскапиталбанк", Санкт-Петербург халқаро товар-хом ашё биржаси, Россия экспорт маркази, мамлакатимиз вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этди.
ЎзРТХБ бошқаруви раиси Фароҳиддин Ибрагимовнинг таъкидлашича, икки давлат раҳбарларининг фаол қўллаб-қувватлаши ва эътибори туфайли Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги дўстлик алоқалари барча соҳалар, жумладан, савдо-иқтисодиёт, биржалар ва банклараро муносабатларда жадал суръатлар билан ривожланмоқда.
2019 йилнинг 26 июнь куни Москвада Россиянинг "Трастбанк", "Транскапиталбанк" ва Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат ташқи савдо битимлари бўйича биржа савдоси ҳисобларини оптималлаштириш учун қўшимча банк воситаларини қўллаш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, ҳисоб операцияларини жадаллаштиради. Эришилган келишувлар икки мамлакат маҳсулотлари экспорти кўламини ошириш, биржа савдоси механизмларидан фойдаланиш асосида янги товар бозорларини ўзлаштиришга хизмат қилади.
Меморандумга мувофиқ, ЎзРТХБ "Трастбанк" ва "Транскапиталбанк" корреспондентлик ҳисоблари орқали хорижлик мижозлар ҳисоб операцияларининг доллар, евро ва рублда хизмат кўрсатиш ва таъминлашнинг ягона механизми амал қилмоқда. Мазкур механизмдан нафақат Россия тадбиркорлари, балки Қозоғистон, Афғонистон ва Тожикистон ишбилармон доиралари вакиллари ҳам фойдаланмоқда. Лойиҳа ишга туширилган қисқа вақт мобайнида полиэтилен ва суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича биржада қайд этилган 7 шартнома бўйича 2 миллионга яқин АҚШ доллари миқдорида валюта даромади келиб тушди. Анжуманда сўзга чиққан "Транскапиталбанк" бошқаруви раиси ўринбосари Елена Ширинская икки мамлакат молия ва биржа тузилмалари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларининг янада ривожланишига умид билдирди, шунингдек, иштирокчиларга "Транскапиталбанк"нинг Ўзбекистон ва ЕОИИ, МДҲ ва ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги ҳисоб "кўприги" сифатидаги ютуқлари тўғрисида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, банклараро муносабатлар бўйича воситалар Россия ва Ўзбекистон тадбиркорлари томонидан ташқи савдо операцияларини амалга оширишда биржа механизмидан янада фаол фойдаланишга туртки бўлади.
Анжуман доирасида икки мамлакат тадбиркорларининг ташқи савдо фаолиятини биржа савдолари иштирокида киритиладиган кафолатли маблағларини кредитлаш орқали қўллаб-қувватлаш, мамлакат ишлаб чиқарувчилари маҳсулотлари рақобатбардошлигини ошириш ва Ўзбекистонга хориж сармояларини жалб қилиш истиқболларига доир масалалар кўриб чиқилди.
ЎзРТХБ мутахассислари меҳмонларни ўз фаолияти ва қўлланилаётган савдо платформаларининг алоҳида хусусиятлари билан таништирди. Биржада тузилган битимларни бажариш даражаси 98 фоиздан ортишига хизмат қилган ҳисоб-клиринг хизмат кўрсатиш тартиби тақдимоти ўтказилди.
Умуман олганда, 2019 йилнинг 8 ойи мобайнида ЎзРТХБда қиймати 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ экспорт битимлари тузилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоиз кўпдир. Қайд этиш жоизки, пахта толаси экспорт тузилмасида 49 фоиз улуш билан етакчи ўринни эгаллади. Нефть маҳсулотлари 14 фоиз, суюлтирилган газ 7 фоизни, биржа экспортининг қолган қисмини эса полипропилен, пахта ёғи ва пахта кунжара ташкил этди.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА
Манба: ЎзА