Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хитойнинг аграр соҳадаги инновацион тажрибасини Ўзбекистонга татбиқ қилиш масалалари муҳокама қилинди
2019-09-11 | Инновация
Жорий йилнинг 10 сентябрь куни “Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишда Хитой Халқ Республикаси тажрибаси ва уни Ўзбекистон Республикасида қўллаш имконияти” мавзусидаги ўзбек-хитой конференцияси бўлиб ўтди. Тадбир Хитойнинг очиқлик ислоҳотлари сиёсати 40 йиллигига ва Ўзбекистоннинг Ҳаракатлар стратегияси доирасида янгиланган ички ва ташқи сиёсатини илгари суриш тажрибасига бағишланган.
Халқ вакиллари умумхитой мажлиси Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқларда ишлаш бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари Ли Чуньшэн бошчилигидаги Хитой Халқ Республикаси делегациясининг юртимизга ташрифи доирасида бўлган мазкур тадбирга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев раислик қилди.
Конференция ишида иштирок этган Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Хитойнинг иқтисодий ривожланиш даражаси, айниқса, қишлоқ хўжалиги ривожланиши даражаси дунёдаги етакчи ўринларни эгаллашини таъкидларкан, Хитойнинг илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик қилишга жиддий эътибор қаратилаётганини қайд этди.
— Хитой Халқ Республикасининг Синсзян қишлоқ хўжалиги фанлари академияси билан экинларни экиш ва парваришлашнинг янги замонавий усулларини жорий этиш, қишлоқ хўжалигига доир илмий технологиялар билан ўртоқлашиш борасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган, – деди вазир. – Шунингдек, Ўзбекистонга дори субстанциялари хориждан олиб келинаётганини инобатга олиб, уларни ўзимизда ишлаб чиқариш зарурияти юзага келди. ХХР Фанлар Академиясининг Шанхай фармакология институти ҳамкорлигида “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида Хитойнинг “Topharman & Vigonvita & CADDC-CASС” консорциуми билан доривор моддаларни синтез қилиш бўйича Ўзбекистон-Хитой тиббиёт технологик паркини ташкил этилмоқда.
Аграр сиёсат муаммоларини халқаро даражада муҳокама қилиш ушбу масаланинг долзарблиги ва бу борада турли давлатларнинг тажрибаларини қўллаш имкониятлари мавжудлигидан далолат бераётгани таъкидланди. Зеро, озиқ-овқат хавфсизлиги муҳим стратегик омиллардан биридир.Қишлоқ хўжалиги Хитой иқтисодиётининг салмоқли бўғини эканлиги сабаб ҳам Чин мамлакатининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тажрибасини ўрганиш ва уни юртимизда татбиқ этиш ўта муҳим саналади. Хитой аграр соҳасида деҳқонларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади.
Хитой аграр соҳани ислоҳот этаркан, соҳани тубдан ўзгартириш эмас, балки унинг камчиликларини бартараф этишга эътибор қаратди. Бугунда Хитойда деҳқонлар кўплаб солиқлар озод қилинган, уларга турли эҳтиёжлари учун давлат томонидан субсидиялар тақдим этилади. Дон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун минимал харид нархлари сиёсати юритилади, дотациялар, кредитлар берилади, беғараз ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланадиган қишлоқ аҳлига суғурта тизими орқали бепул тиббиёт хизматлари ташкил этилган.
Конференцияда сўзга чиққанлар Хитойнинг аграр соҳасидаги ислоҳотларнинг муваффақияти бу деҳқонларда мулкчилик туйғусини ривожлантиришга боғлиқлигини, шахсий манфаатдорликни рағбатлантириш ва шунингдек, деҳқонларнинг масъулиятини оширишга қаратилганига эътибор қаратдилар. Ўзбекистонда илғор тажрибаларни жорий этиш имкониятлари ҳақида сўз юритилар экан, мамлакатимиз аграр соҳада улкан салоҳиятга эга эканлиги таъкидланди. Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш, бозор механизмларини жорий этиш, шунингдек, маҳсулотни қайта ишлаш тизими ва қўшилган қиймат занжирини янада такомиллаштиришда ютуқларга эришилгани қайд этилди.
Конференция давомида аграр соҳага инновацион технологияларни жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш ХХР иқтисодий сиёсатининг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолаётгани таъкидланди. 40 йил давомида аграр сектор ва қишлоқ ҳудудларини муваффақиятли ислоҳ қилиш Хитойни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини: ем-хашак экинлари, чорвачилик, сабзавотчилик, мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчисига айлантирди.
Шунингдек, конференцияда сув хўжалиги фаолияти самарадорлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Сув ресурсларини чеклаш муаммоси Хитой учун ҳам, Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам долзарблиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, Хитой амалиётида синовдан ўтган самарали суғориш усулларини юртимизда татбиқ этилиши масалалари ҳам муҳокама этилди.
Конференция якунида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги