Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ажойиб Хитой, ранг баранг Ўзбекистон” ҳафталигига старт берилди
2019-09-11 | Туризм
Сўнгги икки йилда Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикасининг туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик алоқалари сезиларли даражада фаоллашди. Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик, мамлакатлар иқтисодий фаровонлигини рағбатлантириш, турли цивилизациялар ўртасида маданий алмушинув ва барча соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда тинчлик ва барқарор тараққиётга доир янги механизмларни ишлаб чиқишга чорловчи “Бир камар – бир йўл” ташаббуси бунга яққол мисол бўла олади.
10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, ХХР маданият ва туризм вазирлиги томонидан “Ажойиб Хитой, ранг баранг Ўзбекистон” ҳафталигига старт берилди. Ҳафталик давомида 20 сентябрга қадар Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида турли маданий ва туризм тадбирлари бўлиб ўтади.
Жумладан, 10 сентябрь куни Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасида Ўзбекистон ва ХХР туристик салоҳияти тақдимоти ўтказилди. Тадбир доирасида Ўзбекистон, Хитой ҳамда Қозоғистон туроператорлари иштирокида В2В учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов ҳамда ХХР маданият ва туризм вазирлигининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Ван Шулинь иштирок этишди. “Хитой Халқ Республикаси ҳамда биродар Қозоғистон билан саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирувчи бундай тадбирларнинг ўтказилиши мамлакатларимиз ўртасида туристик алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилади. Яқинда Бош вазиримиз Хитойга ташриф буюрганларида ҳам Буюк Ипак йўли бўйлаб ҳар томонлама муносабатларни ривожлантириш ҳамда иқтисодий ривожланиш диққат марказида бўлди.
Бугунги тадбиримиз ана шу ташриф доирасида эришилган келишувларнинг мантиқий давомидир. Умид қиламизки, Ўзбекистон, Қозоғистон ҳамда Хитой туроператорлари иштирокидаги учрашувлар натижасида туристик оқим кўрсаткичлари янада ошади”, - деди Абдулазиз Аққулов тадбирни очиб берар экан. Шунингдек Қўмита раиси сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати томонидан мамлакатда туризмни риволантириш йўлида 50 дан ортиқ норматив ҳужжатнинг қабул қилингани ҳақида сўзлаб, улар ҳақида атрофлича маълумот берди.
ХХР маданият ва туризм вазирлигининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Ван Шулинь хоним тадбирлардан мақсад Ўзбекистон, Хитой ва Қозоғистон туристик соҳа вакиллари саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, мамлакатлардаги туристик хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, хавфсизликни таъминлаш ва соҳада профессионал кадрларни тайёрлашдан иборат эканини таъкидлади. Тадбир доирасида дастлаб Хитой, сўнгра Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини намойиш этувчи видеороликлар намойиш этилди. Шундан сўнг икки мамлакат туроператорларининг тақдимотлари ўтказилди. Хитойнинг турли нуқталаридан ташриф буюрган туроператорлар мамлакатлараро қўшма турларни ташкил этиш, Хитойдан Қозоғистон ҳамда Ўзбекистонга мустақил равишда автомобилда сайр қилишга оид ташаббуслар билдиришди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда фаолият юритувчи экскурсиячи ҳамда гидлар фаолиятига қизиқиш билдиришди. Хитойлик туроператорлардан бири Ўзбекистонга 6 сентябрь куни келгани ва шу кунлар ичида Тошкент, Самарқанд ҳамда Бухорода бўлганини айтиб, юртимиз ҳақида фикр билдирди: “Ўзбекистон жуда гўзал ва энг асосийси, хавфсиз мамлакат эканлигига шахсан гувоҳ бўлдим. Шаҳарлардаги туристик полицияларнинг фаолият юритиб, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаши, визанинг тезкор расмийлаштирилиши ва албатта, палов ҳамда сомса каби мазали миллий таомларингиз таҳсинга лойиқ”, - деди у.
Бухоро туристик агентлиги вакили Наргиза Бобоназарованинг таъкидлашича, тадбир икки давлат туризми учун жуда долзарб аҳамиятга эга. “Ушбу тадбир барчамизга ҳам халқаро ҳамжамиятда, ҳам мамлакат ичида соҳага оид билимларни кенгайтириш, туристлар оқимини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Умид қиламизки, мазкур тадбир доимий равишда ўтказилади. Натижада одамларимиз ХХР ҳамда Қозоғистонга эркин саёҳат қилишади ва биз бундай ўзгаришларнинг бошида турганимиздан жуда хурсанд бўламиз. Асосийси, туризмнинг ривожланиши Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланишига олиб келади”, - дейди у. Турагентнинг қўшимча қилишича, бундай тадбирлар кишиларнинг дунёқараши кенгайишига ва Ўзбекистонни дунёда танитишда катта аҳамиятга эга.
“Яна бир диққатга сазовор жиҳат – туризмнинг ривожланиши мамлакатда чет тилларини ўрганишга бўлган қизиқишни кучайтиради. Илгари аксарият асосан фақат инглиз тилида сўзлашишга қизиққан бўлса, эндиликда хитой, корейс, япон тилларига бўлган қизиқиш ҳам ортиб бормоқда”, - таъкидлайди мутахассис. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Президентининг 2017 йил май ойидаги Хитойга ташрифи ҳамда тегишли ҳужжатларнинг имзоланиши икки мамлакатнинг туризм соҳасидаги алоқаларига янгича нафас бағишлади. Хусусан, мазкур ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда ХХР туризм бўйича давлат бошқармаси ўртасида 2017-2020 йиллар учун тараққиёт дастури имзоланган.
“Ажойиб Хитой, ранг баранг Ўзбекистон” ҳафталиги доирасида 11 сентябрь куни «Le Grand de Plaza» меҳмонхонасида маҳаллий мутахассислар учун Хитойнинг туристик зоналарни таснифловчи эксперти томонидан маҳорат дарси ўтказилади. 12 сентябрда эса “Ипак йўли” тиббиёт ускуналари кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Тадбир доирасида юрак-қон томир касалликларидан жабрланувчи маҳаллий аҳоли вакиллари ҳамда меҳмонлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилади. Шунингдек, ҳафталик давомида хитой либослари кўргазмалари, хитой сувенирларининг хайрия сотувлари, мусиқий дастурлар ташкил этилиб, хитой рангли чироқлар инсталляцияси ўрнатилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги