Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қорақалпоқнинг ташриф қоғози Ўрдада намойиш қилинади

2019-09-11 | Маданият

Қўқон шаҳридаги Ўрда майдонида қорақалпоқ ҳунармандларининг амалий санъат ва ҳунармандчилик кўргазмаларини намойиш қилувчи павильон қад ростлади.

Қорақалпоқ кигиз ва наматларидаги безакларга ҳеч эътибор берганмисиз? Улар ўзига хос бўлиб, нақш техникаси ўзгача, аппликация йўли билан туширилади. Безакларнинг аксарияти тўлқин кўринишда. Бу қадимий орнамент ҳисобланади ва сув рамзини ифодалайди. Натижада қорақалпоқ ҳунармандлари яратаётган буюмлар киши руҳиятига вазминлик бағишлайди, мушоҳада юритишга чорлайди.

Қорақалпоқ халқининг номоддий маданий мероси, турмуш тақозосига мувофиқ дунёга келиб, асрлар давомида шаклланиб, сайқалланиб, ноёб ҳунар сифатида қадрланиб келган кулолчилиги ҳам қадим тарихга эга. Ҳатто, кулолчилик, гиламдўзлик, ёғоч ўймакорлиги шу қадар ривожланганки, қорақалпоқ заминидаги энг қадимий шаҳарлар – Хўжайли, Тўрткўл, Шоббоз, Чимбойда бу ҳунар эгалари маълум бир ҳудудда яшаган. Улар яшаган ҳудуд ё кўча ҳам шу ҳунармандлар номи билан кулолчилар, гиламдўзлар ё наққошлар кўчаси деб аталган. Юртимизда олиб борилган археологик изланишлар натижасида топилган кулолчилик осори-атиқалари бу ҳунарнинг келиб чиқиши олис тарихимизга тааллуқли эканидан далолат беради.

Шунингдек, қадимий халқ гиламдўзлик анъаналари кўп авлодларнинг ихтирочилик уринишлари натижасида ривожланиб, ниҳоятда узоқ ва кенг илдизларга эга. Қишлоқ жойларида асосан аёллар томонидан уйда тўқилган гиламлар оддий, лекин мукаммал техникада ишлаб чиқилганлигини англатади, шу тариқа ранглар, шакллар, нозик нақш комбинацияларига эга.

Истиқлол йилларида юртимизда миллий ҳунармандчилик тараққиётига қаратилаётган эътибор туфайли ёғоч ўймакорлиги санъати ҳам жадал ривожланмоқда. Уста-ҳунармандлар томонидан юксак дид ва маҳорат билан тайёрланаётган бир-биридан бежирим ва бетакрор маҳсулотлар наинки юртимиз, балки хориж давлатларида ҳам юқори баҳоланаяпти.

– Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрда имзоланган “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳани ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда, – дейди “Ҳунарманд” уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Дилфуза Алламбергенова. – Ушбу ҳужжат эълон қилингунга қадар Қорақалпоғистонда 330 нафар ҳунарманд уюшмага аъзо бўлган бўлса, ҳозирда аъзолар сони 4 мингдан ортди. Уста-ҳунармандларимизнинг маҳсулотлари хорижликларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Хусусан, Сингапур давлатида қорақалпоқ ўтовларига, Европада сувенир ўйинчоқлар, миллий гиламчилик санъатига қизиқиш ортмоқда. Қўқон шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро ҳунармандчилик фестивалида 46 нафар ҳунармандларимиз иштирок этмоқда.

Қорақалпоқ халқининг ўзига хос миллий қадриятларидан бири ўтов – қора уй ҳисобланади. Ўтов Қорақалпоғистоннинг ташриф қоғозига айланган, десак, айни ҳақиқат. Чунки бу кўчманчи халқнинг бошпанасигина эмас, балки ўтмиши, тарихи ва маданиятининг муҳим бир қисми ҳамдир. Шу боис асрлар оша ўтов тикиш тадбири асраб-авайланиб, санъат даражасига кўтарилган. Қора уй ўзининг қурилиши, кўриниши билан бошқа халқлар ўтовидан ажралиб туради. Фестивалда Файзулло ва Мансур Назарбоев, Саломат Қублонбоевлар иштирокчилар кўз ўнгида ўтов қурилишини намойиш қилади. Бу ерга усталар томонидан 12 та ўтов олиб келинди. Усталарнинг айтишича, битта ўтовни ясаш учун камида икки ой вақт кетаркан.

Шуманай туманилик Олтиной Новбетова уч авлод ҳунармандлар оиласининг фарзанди. Унинг қўй, туя жунидан тўқиётган гиламлари жуда машҳур. Фестивалда ҳунарманд аёл гиламнинг кўплаб турларини намойиш этиш ниятида.

 

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться