Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Реабилитология соҳасида эришилган ютуқлар, муаммолар ва истиқболли режалар

2019-09-11 | Соғлиқни сақлаш

Пойтахтимизда “Реабилитология: эришилган ютуқлар, муаммолар, истиқболлар – 2019” мавзуида биринчи миллий республика конференцияси бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда россиялик мутахассислар кўмагида ташкил қилинди.

Унда беморларни реабилитация қилиш бўйича Россиянинг энг сўнгги рақамли компьютерлаштирилган тизимидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон реабилитация саноатини ривожлантириш концепцияси тақдим этилди. Ушбу тизим Россия Фанлар академияси академиги Константин Лядов раҳбарлигидаги илмий гуруҳ бошчилигида “МедИнвестГрупп“ компанияси иштирокида ишлаб чиқилган. Ўзбекистонда мазкур ишланмани неврология, кардиология, травматология йўналишлари бўйича амалиётга татбиқ этиш режалаштирилган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамдан фойдаланиш ва унинг тезкорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Шу билан бирга, муаммолар ҳам борлиги айтилди.

Ўзбекистонда ҳар йили инсульт билан касалланган 46 мингга яқин, бош мия жароҳатларидан кейинги 13 мингга яқин бемор реабилитацияга эҳтиёж сезмоқда. Реабилитация муолажаларига муҳтож 700 минг ногирон истиқомат қилади. Айни пайтда, амалдаги реабилитация марказларининг қуввати йилига атиги 20 минг беморга хизмат кўрсатиш билан чекланиб қолган. Шу боис, Президентимизнинг 2018 йил 30 августда қабул қилинган “Аҳолига неврологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ушбу соҳада жаҳондаги энг яхши тажрибани ҳисобга олган ҳолда, реабилитация тизимини комплекс тарзда ислоҳ қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, реабилитация жараёнида энг сўнгги компьютер, симуляцион ва роботлаштирилган технологиялардан фойдаланишга урғу бериш зарур, деган тўхтамга келинди. Чунки, соҳага замонавий технологияларни жорий этмасдан қисқа муддатда реабилитацияга муҳтож бўлган бу қадар кўп сонли беморларни даволаш ва ҳаётга қайтариш имконсиздир.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари биринчи босқичда хорижий мутахассисларнинг реабилитация тизимини модернизациялашга оид қатор таклифларини кўриб чиқди. Улар орасида “МедИнвестГрупп“ компанияси иштирокида ишлаб чиқилган ишланма, айниқса, эътиборга молик топилди.

Ушбу янги технология фойдаланиш учун мутлақо тайёр лойиҳа саналади. У кўп сонли беморларни тез ва кам харажатлар билан самарали реабилитация қилиш жараёнини ташкиллаштириш имконини беради. Лойиҳанинг яна бир афзаллиги – унда инструкторларни тез ўқитиш имконияти мавжуд. Мазкур тизимдаги иш жараёнида реабилитация марказларидаги анъанавий иш схемасига қараганда уч баравар кам мутахассис жалб қилинади.

– Конференция ўзбекистонлик мутахассислар олдида турган жуда муҳим муаммоларни ҳал этишга қаратилган – дейди К.Лядов. – Конференцияда биз бутун дунёда фойдаланиладиган замонавий қўлланма ва технологияларни намойиш қилдик. Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда тиббиёт нейрохирургия, кардиология, травматология соҳаларида сезиларли ютуқларга эришди. Бизнинг вазифамиз уларнинг қайсиларини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига киритиш мақбул эканини биргаликда мулоҳаза қилишдир. Агар олдимизга беморни мукаммал даражада даволашни мақсад қилиб қўйган бўлсак, биз шунчаки жарроҳлик амалиётини ўтказиш ёки фақатгина касалликни даволаш билан чегараланиб қолмасдан, қандай қилиб беморни қайта тиклаш – ўз оиласига, жамиятга қайтишига, бемалол меҳнат қилишига ёрдам беришни ўйлашимиз лозим. Биз тақдим этаётган мазкур тизим ҳам бир қанча афзалликларга эга. Шунингдек, беморлар билан ишлашда ходимлар етишмовчилиги муаммосини бартараф этишга ҳам ёрдам беради. Бу инструкторларни ўқитиш ва қайта ўқитиш жараёни тўлиқ ташкиллаштириш орқали таъминланади. Бунда одатдаги реабилитация тизимида меҳнат қиладиган мутахасссисларга қараганда, анча кам ходим талаб этилади. Хусусан, янги тизимда мультидисциплинар бригадалар талаб этилмайди, чунки сунъий интеллект беморларнинг аҳволини баҳолайди, ҳар бир бемор учун алоҳида даволаш курсини танлаб беради. Тиббий ҳужжатларни таҳлил қилиш жараёни ҳам автоматлашган. Беморни тиклаш жараёни эса россиялик мутахассислар томонидан яратилган ва Россияда ишлаб чиқарилган махсус компьютерлашган тренажёрлар тўплами ёрдамида амалга оширилади.

Беморлар учун маршрутларни белгилаш бўйича ҳам махсус дастур ишлаб чиқилган бўлиб, бу жадаллаштирилган реабилитация дастури ва тренажёр вақтидан самарали фойдаланишни таъминлайди. Яъни таклиф этилган тизим беморларни реабилитация қилиш муаммосини ҳар томонлама ҳал этиш имконини беради. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу рақамли ишланмани неврология, кардиология, травматология йўналишлари бўйича амалиётга татбиқ этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерацияси билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётгани ҳам ижобий омиллардан саналади. Россия экспорт маркази ушбу лойиҳани молиялаштиришда кўмак беришга тайёр эканини билдирган. Бу беморларни тиклаш бўйича амалга ошириладиган даволаш кўрсаткичларини давлат даражасида яхшилаши мумкин.

Конференциянинг бош вазифаси юртимиз реабилитологларига янги ишланманинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида маълумотларни етказиш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг реабилитация соҳасидаги асосий талабларини аниқлаш ҳамда ушбу йўналишни ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳини шакллантиришдан иборат. Шу маънода, конференция беморлар соғлиғини тиклашга қаратилган даволаш тизимидаги энг муҳим янгиликларни муҳокама қилиш ва энг янги технологиялар тақдимоти билан танишиш учун ўзига хос майдонча бўлди, дейиш мумкин. Бу эса мамлакатимизда беморларни реабилитация қилишга бўлган ёндашувни тубдан яхшилашга хизмат қилади.

 

Моҳигул ҚОСИМОВА, ЎзА

Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Поделиться