Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хайрулло Бозоров Жаҳон банки делегациясини қабул қилди
2019-09-09 | Иқтисодиёт
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 9 сентябрь куни Розанна Нитти бошчилигидаги Жаҳон банки делегациясини қабул қилди.
Учрашувнинг бош мавзуси Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокидаги «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳасига киритилган Чортоқ шаҳри бўйича амалга оширилиши режалаштирилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари муҳокамаси бўлди.
Делегация таркибидан жой олган Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг лойиҳани амалга ошириш гуруҳи раҳбари Жамшид Фаязов, Жаҳон банкининг шаҳарсозлик бўйича катта мутахассиси Силпа Каза, меъморий эчимлар бўйича масъул Пабло Ваджоне ҳамда бошқа бир гуруҳ мутахассислар билан бўлган мулоқотда дастлабки хомаки лойиҳани мукаммалтириш, лойиҳадан ўрин олиши кўзда тутилган объектлар, Жаҳон банки лойиҳа гуруҳи томонидан билдирилаётган таклифларни маҳаллий шарт-шароитлардан келиб чиқиб умумий концепцияга мослаштириш бўйича кенг фикр алмашилди. Чортоқнинг бош режаси бугунги кунда режалаштирилаётган туманни тиббиёт ва сиҳатгоҳлар туризми ривожланган экологик тоза ҳудудга айлантириш учун керакли барча жиҳатларни ўз ичига олиши лозимлиги борасида ҳам келишиб олинди.
Икки соатдан ортиқ давом этган учрашувда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Аюбхон Камалов, Чортоқ тумани ҳокими Анваржон Отахўжаев ҳамда тегишли вилоят идоралари мутасаддилари иштирок этдилар.
Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг 100 миллион доллар кредити ҳамда Ўзбекистоннинг 24,1 миллион долларлик улуши билан ҳаётга тадбиқ этилаётган ушбу лойиҳанинг тажриба-синов шаҳарлари сифатида Янгийўл (Тошкент вилояти), Когон (Бухоро вилояти) ва Чортоқ белгиланган. 2019-2021 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар натижасида Чортоқ замонавий инфратузилмага эга обод экошаҳарга айланиши кўзда тутилган.
Манба: Наманган вилояти ҳокимлиги