Яна бир неча кундан сўнг, аниқроғи 11 сентябрь куни Ўзбекистоннинг “Хумо” хоккей клуби ўзининг Олий Хоккей лигаси (ОХЛ)даги иштирокини бошлайди.
ОХЛ МДҲ мамлакатларида нуфузи жиҳатидан иккинчи халқаро турнир ҳисобланади. Ушбу 2019-2020 йилги мавсум лига учун алоҳида аҳамиятга эга, яъни 10 йиллик юбилей йилидир.
ОХЛ мунтазам чемпионатида Россия, Қозоғистон, Хитой ва Ўзбекистондан жами 34 клуб рўйхатдан ўтган бўлиб, жамоалар икки Конференция, тўрт Дивизионга бўлинган. Мазкур босқичда ҳар бир жамоа 27 та ўз уйида, 27 та меҳмонда, ҳаммаси бўлиб 54 та ўйинда иштирок этади. Табиийки, мамлакатимиз клуби уй ўйинларини муҳташам “Humo Arena” муз саройида ўтказади.
Мунтазам чемпионат 5 сентябрдан 20 февралга қадар давом этади, ғолиб жамоа ОХЛ ғолиби, деб эълон қилинади. Мавсум якунига кўра, юқорироқ натижага эришган 16 клуб плей-офф босқичига йўлланма олади ва янада нуфузлироқ соврин –Петров кубоги учун курашни давом эттиради. Мазкур соврин афсонавий Михайлов – Петров – Харламов учлиги сафида ўйнаган марказий ҳужумчи шарафига шундай номланган.
Хуллас, мавсум бошланишига жуда оз вақт қолди. Келинг, хоккейчиларимизни биргаликда қўллаб-қувватлаймиз.
Манба: ЎзА