Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фуқароларнинг шахсий маълумотлари уларнинг розилиги билан сақланади
2019-09-07 | Жамият
Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб “Ўзбекистон Республикасининг “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонуни кучга киради. Қонунчилик палатаси 2019 йил 16 апрелда қабул қилган қонунни Сенат 21 июнда тасдиқлаган.
Унга кўра, шахсий маълумотлар электрон, қоғоз ва (ёки) бошқа моддий воситаларда қайд этилган, муайян шахсга тегишли ёки уни идентификация қилиш имкониятини берувчи маълумотдир. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги давлат персоналлаштириш маркази шахсий маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида белгиланган эди.
Қонун кучга киргандан сўнг (яъни 2019 йил 1 октябридан бошлаб), барча шахсий маълумотлар базалари эгалари ва операторлари Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсий маълумотларини дастлаб улардан розилик олган ҳолда сақлаш ва қайта ишлашлари ҳамда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича зарурий ҳуқуқий, ташкилий ва техник чораларни кўришлари лозим бўлади.
Булар ҳақида қонуннинг мақсад, ундаги асосий тушунчалар, шахсий маълумотларни қайта ишлашда иштирок этувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига бағишланган семинарда алоҳида қайд этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази директори ўринбосари Алишер Толипов иштирок этди ва барча саволларга жавоб берди.
Манба: ЎзА