Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Elsevier” Ўзбекистон олимлари учун Proofreading хизмати концепциясини ишлаб чиқишга ёрдам беради
2019-09-07 | Фан
Жорий йилнинг 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ташаббуси билан “Elsevier” раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директори Шаҳобжон Шарифов ва Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директори Бунёджон Охунов вазирлик олимларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ишларини “Scopus” рейтингига кирган журналларда нашр қилиш бўйича стратегик режалари билан ўртоқлашдилар.
“Elsevier”нинг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Алия Оспанова ўзбек олимларининг ишларини дунёда тан олинган илмий журналларида нашр қилдириш, шу орқали мақолаларнинг сони ва сифати ошириш муҳимлигини таъкидлади, ундан ташқари республикадаги ҳар бир олимга ёрдам берадиган механизм яратиш зарурлигини қайд этди. Шубҳасиз, ҳозирда “Scopus” платформасида юртимиз олимларининг илмий мақолаларининг чоп этилиши мамлакатимиз олий таълим муассалаларининг халқаро университетлар рейтингидан ўрин олиши ҳамда республикамизнинг ГИИ (Глобал инновацион индекс) ва ГCИ (Глобал рақобатбардошлик индекси)га кириши учун ўта муҳимдир.
Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ва “Elsevier” ўртасида бўлиб ўтган учрашув давомида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги келишувга эришилди.
Ҳозирда Инновацион ривожланиш вазирлиги олимларнинг илмий мақолаларини юқори рейтингли илмий журналларда нашр этишга кўмаклашиш мақсадида “Proofreading Service” хизматини таклиф этмоқда.
Proofreading — бу олимлар томонидан тайёрланган илмий мақола матнини юқори баҳоланган журналларнинг талабларига мувофиқ таҳрирлаш, ёзма инглиз тилидаги матнни такомиллаштириш, имло ва грамматик хатоларни бартараф этиш, белгиланган техник талабларга мослаштиришдир.
Ушбу хизматдан нафақат мамлакатдаги барча ташкилотларда ўз фаолиятини олиб бораётган олимлар ва мутахассислар фойдаланиши, балки Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам қўллашлари мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги