Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Дерматовенерология ва эстетик тиббиётнинг долзарб муаммолари

2019-09-07 | Соғлиқни сақлаш

Пойтахтимизда дерматовенерология ва эстетик тиббиётнинг долзарб муаммоларига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилмоқда. Унда АҚШ, Франция, Буюк Британия, Италия, Польша, Руминия, Туркия, Ҳиндистон, Россия, Украина, Беларусь, Грузия, Қозоғистондан келган элликка яқин олимлар иштирок этмоқда.

Мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида минг нафардан кўпроқ малакали дерматовенеролог шифокор аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббий маркази бу йўналишда етакчи тиббий илмий муассаса сифатида илм-фан ва тиббиёт амалиёти ривожига муносиб улуш қўшиб келаётир.
 
Марказда юздан зиёд етук олим, малакали шифокор диагностика ва даволаш ишлари билан бир қаторда жаҳон тиббиётининг долзарб масалалари бўйича илмий изланишлар олиб боради. Кейинги йилларда олимларимизнинг бу йўналишдаги илмий изланишлари натижасида яратилган бир қатор янги усуллар тиббиёт амалиётига татбиқ этилганини кузатиш мумкин. Жумладан, псориаз касаллигининг антицитоник давоси, тери лейшманиоз касаллигининг комплекс давоси, сурункали идиопатик капоши саркомасини прогнозлашнинг янги усуллари бунга мисолдир.
 
Илмий изланишлар натижасида бир қатор самарали дори воситалари ҳам яратилди. Атопик дерматит ва ҳуснбузар касаллигини даволашнинг янгича усули учун патент олинди. Марказ олимлари гено ва онкодерматозлар муаммолари, терининг замбуруғли ва вирусли касалликлари, жинсий йўл билан юқувчи янги касаллик турларини аниқлаш бўйича жаҳон тиббиётининг ноёб технологияси – меланоцитар трансплантациядан самарали фойдаланяпти.
 
Айни пайтда марказ олимлари тиббиётимизнинг бундай ютуқларини янада кенгайтириш мақсадида хориждаги нуфузли илм-фан муассасалари билан илмий-амалий алоқаларни ривожлантирмоқда. Хусусан, Россия, АҚШ, Беларусь, Қозоғистон, Озарбайжон ва бошқа давлатлардаги тиббиёт муассасалари ҳамда бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда жаҳон тиббиётининг долзарб муаммоларига оид илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда.
 
– Дерматовенерология йўналишида ихтисослашган тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш мақсадида ҳудудий тери-таносил касалликлари диспансерларида реконструкция ва модернизация ишлари ҳам амалга оширилаяпти, – дейди Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Илҳом Раҳимов. – Бугунги кунгача Андижон, Самарқанд, Наманган вилояти ва Тошкент шаҳар тери-таносил касалликлари диспансерлари капитал таъмирланди. Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Бухоро, Андижон, Тошкент вилояти тери-таносил касалликлари диспансерлари замонавий тиббий диагностика жиҳозлари билан жиҳозланди. Мазкур ҳудудий диспансерларда дерматовенерология соҳасига оид янги технологиялар ва илм-фан янгиликлари тарғиботига оид маҳорат дарслари, илмий-амалий семинарлар мунтазам ўтказиб келинади. Бундай изланишлар натижасида бир қатор тери касалликларини, туғма ёки орттирилган нуқсонларни даволашнинг янгича усуллари ҳудудий шифохоналар амалиётига ҳам кенг татбиқ этилди.
 
Мазкур илмий-амалий анжуманда мамлакатимиз тиббиёти ва жаҳон илм-фани эришаётган ана шундай муҳим ютуқлар таҳлил этилиб, дерматовенерологиянинг турли йўналишларида яратилаётган янгича услублар, соҳадаги долзарб муаммоларга оид илмий маърузалар тингланмоқда. Шунингдек, косметология соҳасидаги янгиликлар намойиш қилиниб, дерматовенерология ва косметология бўйича маҳорат дарслари ва кўргазмали семинарлар ташкил этилмоқда.
 
Анжуман доирасида фармацевтика ва косметология компаниялари, тест-тизими ишлаб чиқарувчилар ва дистрибьюторлар, тиббий ва лаборатория жиҳозлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
 
Моҳигул ҚОСИМОВА, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться