Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон–Беларусь: икки томонлама илмий-техник ва инновацион соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари
2019-09-06 | Фан
Ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси Давлат раҳбарларининг олий даражадаги самарали музокаралари икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш ва аниқ натижаларни қўлга киритиш имконини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси Ҳукуматлари ўртасида 2018 йил 13 сентябрда имзоланган фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимга асосан икки томонлама илмий-техник ҳамкорлик алоқалари ҳам изчил ривожлантирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги
ва Беларусь Республикаси Фан ва технологиялар бўйича давлат қўмитаси ўртасида икки томонлама илмий-техник ҳамкорлик бўйича эришилган келишувлар доирасида ҳозирги кунда умумий қиймати 7,4 млрд. сўмлик 15 та “Ўзбекистон-Беларусь” қўшма илмий-техник лойиҳалари бажарилмоқда. Мамлакатимиз олий таълим муассасаларида 2 та замонавий қўшма илмий лаборатория ташкил этилмоқда.
Танлов асосида саралаб олинган 10 нафар ёш олимларни жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Беларусь Республикасининг нуфузли илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари аспирантурасида таълим олишларини ташкил этиш юзасидан барча ташкилий-молиявий масалалар ҳал этилди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Яшнобод” инновацион технопарки ва Беларусь Республикасининг “Политехник” илмий-технологик парки ҳамда “Унитехпром” ўқув-илмий-ишлаб чиқариш корхонаси ўртасида имзоланган келишувлар доирасида ушбу инновацион тузилмалар билан “Яшнобод” инновацион технопарки изчил ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди, хусусан жорий йилнинг июль ойида технопаркнинг 2 нафар мутахассислари малака ошириб қайтди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мамлакатимизнинг нуфузли илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида илмий фаолият билан шуғулланаётган 95 нафар ёш олимлар қисқа мудддатли (2 ойгача) илмий стажировка ўташ учун, 24 нафардан иборат олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосарлари инновацион фаолиятни бошқариш ва тижоратлаштириш амалиёти бўйича малака ошириш учун (2 ҳафтага) Беларусь Республикасининг Миллий фанлар академиясининг илмий муассасалари ҳамда ушбу мамлакатнинг 16 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасаларига юборилди.
Илмий стажировка дастурига мувофиқ:
29 нафар ёш олимлар Беларусь Республикасининг Миллий фанлар академиясининг илмий муассасаларида янги энергия тежамкор технологиялар, ерни масофадан зондлаш аэрокосмик материалларидан фойдаланиш усуллари ва геоахборот тизимлари (ГИС) технологиялари, пробиотик препаратлар олиш усуллари, фитокимё корхоналарининг саноат чиқиндиларидан биологик ва физиологик фаол биополимерларни ажратиш, онкологик касалликларга қарши селен нанозаррали препаратларни олиш технологияларини ўзлаштирмоқда;
15 нафар ёш олимлар Беларусь давлат университетида замонавий биотехнологиялар ва физик-кимёвий технологиялар, хом ашёни саноат усулида қайта ишлаш технологияларини ўзлаштирмоқда ҳамда юқори технологияларга асосланган замонавий илмий асбоб-ускуналарда ишлаш усулларини ўрганмоқда;
31 нафар ёш олимлар Беларусь тиббиёт академияси ва ихтисослаштирилган тиббиёт илмий-амалий марказларидазамонавий тиббий диагностика усуллари, юқори технологияларга (хужайра, квант ва рақамли технологиялар) асосланган жарроҳлик амалиётини ўзлаштириш, иммунобиология бўйича илғор тажрибаларни маҳаллий амалиётга жорий этиш устида ишламоқда;
15 нафар ёш олимлар Беларусь Миллий техника университетида замонавий лазер технологиялари, биотехнологиялар, самарадор керамик материаллар олиш технологияси, энерго ва ресурстежамкор технологияларни яратиш усулларини ўзлаштириш устида ишламоқда;
4 нафар ёш олимлар Беларусь давлат технология университети, инновация марказлари ва илмий-технологик паркларда наноматериаллар ва нанотехнологиялар, юқори қўшилган қийматли янги турдаги инновацион қурилиш материалларини ишлаб чиқариш технологиялари, композит ва smart-материаллар олиш, IT-технологиялар, 3D-технологияларни ўрганиш бўйича стажировка ўтамоқда.
Олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосарлари жорий йилнинг 22 июль – 5 август кунлари Беларусь Республикасининг илмий-инновацион ташкилотлари, нуфузли олий таълим муассасалари, йирик саноат корхоналари, янги ташкил этилган замонавий инновацион тузилмалар – “Великий камень” (Great Stone Industrial Park) махсус иқтисодий зонаси, IТ-бизнес соҳасида махсус солиқ-ҳуқуқий режимга эга бўлган Юқори технологиялар паркида (Парк высоких технологий) инновацион фаолиятни бошқариш, янги технологияларни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва тижоратлаштириш бўйича илғор тажрибалар билан танишдилар ва икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан келишувларга эришдилар.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ёш олимларнинг қисқа муддатли илмий стажировкалари ҳамда проректорлар ва директор ўринбосарларининг малака оширишлари якунлари бўйича қуйидаги ишларни амалга ошириш режалаштирилмоқда:
биринчи, қисқа муддатли илмий стажировкага юборилган 95 нафар ёш олимлар томонидан ўзлаштирилган камида биттадан юқори технологиялар ва инновацион ишланмаларни маҳаллий шароитларда яратиш усуллари бўйича алоҳида “Йўл харита”ларини тасдиқлаш ва амалга оширилишини таъминлаш;
иккинчи, юқори самарадор инновацион технологияларни яратишга қаратилган истиқболли илмий йўналишлар (мавзулар) бўйича Беларусь Республикасининг илмий-инновацион ташкилотлари ва нуфузли олий таълим муассасалари билан қўшма илмий-техник лойиҳаларни танловини эълон қилиш;
учинчи, Беларусь Республикасининг инновацион фаолиятни бошқариш, янги технологияларни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва тижоратлаштириш бўйича илғор тажрибаларини татбиқ этиш мақсадида проректорлар ва директор ўринбосарлари томонидан илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида махсус семинарлар ташкил этиш;
тўртинчи, Беларусь Республикасининг юқори илмий-инновацион салоҳиятидан фойдаланган ҳолда Беларусь Республикасининг Миллий фанлар академияси ва Беларусь давлат технология университети билан ҳамкорликда юқори қўшилган қийматга эга янги қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга илмий-тадқиқотлар натижаларини ва инновацион ишланмаларни татбиқ этиш бўйича халқаро илмий-тадқиқот лабораториясини ташкил этиш;
бешинчи, Беларусь Республикасининг “In Data Labs” компанияси билан ҳамкорликда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича илғор тажрибалар асосида катта ҳажмдаги маълумотлар базаларини чуқур таҳлил қилиш асосида энг мақбул инновацион ечимларни манфаатдор тадбиркорлик субъектларига таклиф қилиб бориш имконини берувчи электрон платформа яратиш.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Беларусь Республикасининг илғор инновацион технологияларини жорий этиш юзасидан тегишли ташкилий ишлар бошлаб юборилди. Хусусан, мавжуд ер, сув ресурслари ва суғориш тизимларини баҳолаш ҳамда эҳтимолдаги рискларни аниқлаш асосида тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича “The MeT (the Methodology and Technology)” стартап лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, ёш олимларнинг қисқа муддатли илмий стажировкаларини ташкил этиш борасидаги ишларни бундан кейин ҳам давом эттиради. Шу жиҳатдан, Инновацион ривожланиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикасида илм-фанни ривожлантириш, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнини жадаллаштириш чораларини кўрмоқда.
Яқинда вазирлик томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, 20 нафар ёш олимларни Беларусь Республикасидаги нуфузли олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида илмий стажировка ўташ учун танлаб олди. Энди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти, Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими илмий-тадқиқот институтларининг ёш олимлари жорий йил сентябрь – октябрь ойларида Беларусда қисқа муддатли илмий стажировка ўтайди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мазкур йўналишдаги ишлар натижадорлигини ошириш юзасидан тегишли ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шуҳрат ОТАЖОНОВ,
Инновацион ривожланиш вазирлиги
Фан ва илмий-техник тадқиқотларни
ривожлантириш бошқармаси бошлиғи.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги