Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон жамоаси IX e-ICON мусобақасининг махсус сертификатини қўлга киритди
2019-09-06 | Таълим
Жорий йилнинг август ойи охирида Пусан шаҳрида (Корея Республикаси) бўлиб ўтган IX e-ICON Электрон таълим жаҳон мусобақаси финал босқичида Ўзбекистон терма жамоаси 4 та номинациянинг бири (Cooperation Award) бўйича ғолибликни қўлга киритиб, ташкилотчилар томонидан махсус сертификат билан тақдирланди.
Мазкур мусобақа Корея таълим вазирлиги ҳамда Осиё ва Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг таълим институти томонидан ташкил этилди. Мусобақанинг Пусан шаҳридаги финал босқичида 12 та давлатдан 130 нафар иштирокчи қатнашди. Ўзбекистон жамоаси ушбу мусобақада биринчи марта иштирок этди.
Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Хорижий тилларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб ўқитувчиси Сабоҳат Маҳмудова ҳамда ушбу мактабнинг 11-синф ўқувчилари Барно Нурмуҳаммедова ва Настарин Маҳмудова мазкур мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қилди.
Мусобақа доирасида Ўзбекистон вакиллари имконияти чекланган ўқувчиларга кўмак берувчи мобил иловани яратиб, тақдимот қилишди.
Яратилган илова кўриш ва эшитиш ҳамда синф доскасидаги маълумотларни ёзиб олишда қийинчиликка учраётган ўқувчиларга қўшимча имконият яратади.
Қуйида жамоанинг видео тақдимотини кўришингиз мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги