Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазирлик British Council билан уч йиллик лойиҳа асосида олий таълим сифатини ошириш борасида ҳамкорлик қилади
2019-09-06 | Таълим
Жорий йил 4 сентябрь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан олий таълим муассасалари раҳбарлари ва масъул ходимлари учун Буюк Британиянинг Advance HE ташкилоти экспертлари иштирокида халқаро ўқув-семинари ўз ишини бошлаган эди.
Жорий йил 5 сентябрь куни олий ва ўрта махcус таълим вазири И.Маджидов Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги директори Рейчел Айленд, Advance HE ижрочи директори Алисон Жонс ва ташкилот катта маслаҳатчиси Жо Шафферлар билан учрашди.
Учрашувда жаҳонда таълим сифатига қўйилаётган бугунги кун талаблари, Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш борасидаги муаммолар, уларни бартараф этиш омиллари ва истиқболлари, мазкур жараёнларда икки томонлама ҳамкорлик борасида фикр алмашилди.
Шунингдек, олий таълим муассасалари мустақиллигини таъминлаш, академик ва молиявий мустақилликка эришишнинг университетлар фаолиятидаги аҳамияти, бу жараёнга олий таълим муассасасининг ўзининг тўғри муносабатини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Профессор-ўқитувчилар, услубчиларнинг он-лайн ҳамжамиятини шакллантириш йўли билан фикрлар ва ғояларни умумлаштириш, таҳлил қилиш ҳамда якуний хулосаларни ишлаб чиқиш юзасидан ҳам фикр алмашинди. Шунингдек, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларига инглиз тилини ўргатиш технологиялари бўйича халқаро форум ўтказиш, матбуот котиблари учун семинар-тренинг ташкил қилиш масалалари юзасидан ҳам томонларнинг таклифлари кўриб чиқилди.
Томонлар кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашиб боришга келишиб олишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги