Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Франция туроператорлар уюшмаси бош котиби билан учрашди
2019-09-05 | Туризм
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов Париждаги Ўзбекистон элчихонасида Франция туроператорлар уюшмаси бош котиби Юрген Бахманн билан учрашди.
Учрашув давомида томонлар қатор келишувларга эришишди. Хусусан, Юрген Бахманн жорий йилнинг 1-4 октябрь кунлари Францияда бўлиб ўтадиган "Top Resa-2019" халқаро ярмаркасига Ўзбекистон делегациясини таклиф этди. Ўзбекистон томон ушбу халқаро ярмаркада ўз стенди билан қатнашиши ҳамда тадбир доирасида Франция ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилиб, журналистлар ҳамда франциялик туроператорларга мамлакатнинг туристик салоҳияти тақдимоти ўтказилишига келишилди.
Шунингдек, "Top Resa-2019" доирасида Франция туроператорлар уюшмаси халқаро ярмарка ташкилотчилари билан биргаликда Франциянинг туризм бозори ва, умуман, мамлакатдаги туризм ҳолати бўйича бўлиб ўтадиган йиғилишида Ўзбекистон ҳақида сўз юритилиб, унинг туристик салоҳияти тақдимотини тадбир дастурига қўшиши қўшимча қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Юрген Бахманн Германия, Африка давлатларида Франция бозори спецификаси бўйича маърузалар ўқийди. Шу боис у келгусида Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм университетида талабалар учун уч кунлик маъруза ўқишига келишилди. Шунингдек, Ўзбекистонга ташрифи доирасида маҳаллий туроператорлар билан ҳам Франция бозори спецификасига оид маълумотлар билан бўлишади.
Бундан ташқари, шу йилнинг 13-15 ноябрида пойтахтда бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро туристик ярмаркаси-2019’ (ТХТЯ-2019)да илгари Ўзбекистон билан ишламаган туроператорлар иштирокини таъминлашга доир келишувга эришилди. Франциялик туроператорлар мамлакатимизга ташрифи давомида ҳам ТХТЯ-2019 тадбирида қатнашишади, ҳам маҳаллий туризм бозори билан танишишади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги