Президентимиз раислигида 4 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар, берилган топшириқлар бизга муҳим дастур бўлди.
Бу йўналишларда эришган натижаларимиздан қувонамиз, давлатимиз раҳбари таъкидлаган баъзи масалаларга жиддий эътибор қаратсак, уларни ўз вақтида ҳал қилсак ютуқларимиз янада залворли бўлади.
Дарҳақиқат, 2019-2023 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси ҳамда аҳолининг жисмоний тайёргарлигини белгиловчи бир қатор лойиҳаларни ўтказиш тизими жорий этилгани Сирдарё вилоятида спорт соҳасининг янада оммалашишида муҳим аҳамият касб этаётир.
Давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилган бешта муҳим ташаббус ҳамда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида вилоятимизда жорий йилнинг ўтган даврида 4 та спорт объекти фойдаланишга топширилди.
Айни пайтда вилоятнинг 13 нафар иқтидорли спортчилари 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХVI паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш учун халқаро мусобақаларга қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Жумладан, академик эшкак эшиш спорт туридан 8 нафар – Алишер Яров, Анатолий Краснов, Шахбоз Абдужабборов, Луиза Исломова, Шаҳзод Абдураҳмонов, Луиза Гафурбаева, Меҳрож Маматқулов ҳамда Абдуазиз Раҳимжоновлар тренерлари Сергей Тян қўл остида тайёргарлик кўрмоқда. 2 нафар эркин курашчилар Махсуд Вейсалов ҳамда Нигора Бакировалар, 1 нафар енгил атлетикачимиз Сафина Садуллаева ёзги Олимпиада ўйинларига, енгил атлетикачи Наталья Семёнова ХVI Паралимпия ўйинларига бериладиган йўлланма учун астойдил тайёргарлик кўрмоқда.
Паралимпия бўйича спортчиларимиз Сервер Ибрагимов тўппончадан ўқ отиш бўйича республикада биринчилар қаторида йўлланмага эга бўлиб, келгуси йил Японияда ўтадиган ХVI паралимпия ўйинларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.
Нафақат йўлланмани қўлга киритган ва лицензия учун кураш олиб бораётган, балки Халқаро спорт мусобақаларида муносиб иштирок этиб, ғалабалари шарифига Давлатимиз мадҳияси янграб, байроғимиз Жаҳон спорт ареналарида баланд ҳилпираган сирдарёлик спортчиларнинг оиласидан мунтазам хабар олиб турилибди. Муаммолари ўрганилиб, “Йўл харитаси”га асосан зарур чоралар кўрилмоқда.
Бу спортчиларимизнинг устозлари назоратида алоҳида шуғулланишлари ва ўз устида ишлари учун машғул бўлаётган спорт турларидан келиб чиқиб, спорт заллари, майдонлари ажратилган.
Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси томонидан спортчиларнинг ўқув йиғини машғулотлари ва мусобақаларда иштирок этишлари учун барча шароитлар яратиб берилмоқда.
Ўтган йилги Осиё ўйинлари ва пара Осиё ўйинларида вилоятдан 4 нафар спортчи иштирок этиб, 1 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритгани биз учун фахр. 2018 йилда сирдарёлик спортчилар турли халқаро ва мамлакат мусобақаларида иштирок этиб, жами 944 та медални қўлга киритди. Шундан 228 таси олтин, 283 таси кумуш ва 433 таси бронза медалларидир. Жорий йилнинг ўтган даврида эса Жаҳон, Осиё ва мамлакат миқёсдаги турли спорт мусобақаларида 428 та, жумладан, 84 та олтин, 118 та кумуш ва 226 та бронза медали қўлга киритилди.
Бу спортчиларимиз билан шахсан учрашиб, алоҳида суҳбатлашдим. Уларнинг орзу-ўйлари билан қизиқдим, дарду ташвишларини тингладим ва кўзларидаги оловни, қалбларидаги ғалабага бўлган шижоатни кўриб, ўзим ҳам руҳландим.
Спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришган 3 нафар спортчига Гулистон шаҳридан уй-жой ва қолган 10 нафарига вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари берилди. Яхши натижаларни қўлга киритган бошқа спортчилар ҳам муносиб тақдирланди.
Президентимизнинг бешта муҳим ташаббусининг иккинчи йўналиши – ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиб бериш юзасидан вилоятда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вилоятдаги 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган 295 минг 5 нафар ёшларнинг 30 фоизи спорт секцияларига жалб этилди.
Вилоятда аҳолини оммавий спортга кўпроқ жалб қилиш мақсадида турли хил тадбирлар ва тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётир. Жумладан, “Ёшлар ҳафталиги” доирасида ўтказилган 34 та спорт тадбирларида жами 3 минг 740 нафар спортсеварлар иштирок этди. “Хотин-қизлар ҳафталиги” доирасида ўтказилган 28 та тадбирда эса 1 минг 680 нафар хотин-қиз қатнашди.
Шунингдек, “Маҳалла ҳафталиги” ва “Нуронийлар ҳафталиги” доирасида ўтказилган 32 та тадбирда 2 минг 368 нафар спорт ихлосмандлари қатнашди. “Таълим ҳафталиги” доирасидаги спорт мусобақаларида эса ёшлар фаол иштирок этди.
Вилоятдаги 4 та ихтисослашган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ўз спорт залларига эга. Вилоятдаги 16 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари 1,5 миллиард сўмдан зиёд спорт жиҳозлари билан таъминланди.
Давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидан сўнг ўз имконият ва шароитларимизни яна бир бор атрофлича ўрганиб, чамалаб чиқдик.
Жисмоний тарбия ва спорт бошқармасига, барча федерацияларга саралаб олинган спортчиларни яқин фурсатларда олимпиадага йўлланма ўйналадиган мусобақаларга муносиб тайёрлаш ва Олимпиадага лицензияни қўлга киритишлари учун янада кенг шарт-шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Сирдарёда юксак иқтидорли спортчилар етарли. Шароитларни ҳам яратмоқдамиз. Лекин уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш учун юқори даражадаги мураббийлар зарур. Айни пайтда олимпиада лицензиясини қўлга киритишга республикада етакчи бўлган – академик эшкак эшиш, эркин кураш, бокс, енгил атлетика ва ўқ отиш спорт турлари бўйича спортчиларимизни тайёрлаш учун бизда жаҳон, Осиё ва турли халқаро мусобақаларга йўлланмани қўлга киритиш талаблари даражасида спортчиларимизни тайёрлай оладиган мураббийлар етишмайди. Буни тан олмай иложимиз йўқ.
Юқорида таъкидланган спорт турлари бўйича республика Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан вақтинча бўлса-да, ўта юқори малакага эга спорт мураббийлари ажратилса яхши бўлар эди.
Ғофуржон МИРЗАЕВ,
Сирдарё вилояти ҳокими.
Манба: ЎзА