Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Interface Tourism Group” Ўзбекистон брендини Францияда тарғиб қилишда ёрдам беради
2019-09-05 | Туризм
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов Францияга ташрифи доирасида “Interface Tourism Group” президенти Гаел де Ла Порте ҳамда компанияни ривожлантириш бўйича директори Жули Жеффрой билан учрашди.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон брендини дастлаб Францияда, кейин эса Европа миқёсида тарғиб қилиш масаласини муҳокама қилишди. “Interface Tourism Group” 20 йилдан буён Франция бозорида фаолият юритиб, пиар билан шуғулланувчи энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади. Томонлар Ўзбекистонни қандай ва қайси йўналишларда тарғиб қилиш кераклиги борасида сўз юритишди.
Тадбир якунига кўра, Франция компанияси Ўзбекистоннинг ўзига хос туристик салоҳиятидан келиб чиқиб, максимал самара берувчи таклифлар беришига келишилди. Бунда мамлакатимиздаги туристик йўналишлар, бой маданий мерос ҳамда франциялик туристларнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинадиган бўлди.
Шунингдек, “Interface Tourism Group” Ўзбекистон бўйича махсус материаллар тайёрлаш, мақсадли оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб қилиш, турли туристик кўнгилочар теледастурлар ва мақолалар тайёрлаш кабиларни ўз ичига олган кенг қамровли пиар режасини тузиб, Ўзбекистонга тақдим этишига келишилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги