Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мудофаа вазирлигидан янгича анъана: мактабларда янги ўқув йили ҳарбийлар иштирокида бошланди
2019-09-05 | Таълим
Шу кунгача вазирликнинг масъул офицерлари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига мактаб анжомлари, дарсликлар ва турли-туман совғалар улашиши анъанага айланиб бораётган бўлса, бу йил илк маротаба бир қатор мактаблардаги билимлар куни ҳарбий оркестр, курсантлар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирокида ўтди.
Жумладан, пойтахтимиздаги 221-умумтаълим мактабида Қуролли Кучлар академияси курсантлари биринчи қўнғироқ тантаналарининг асосий қаҳрамонларига айланди. Курсантнинг забардаст елкасига суянган жажжи ўқувчи чалган биринчи қўнғироқ садолари юракларда акс-садо берди.
Мирзо Улуғбек туманидаги 225-мактабда ҳам билимлар куни ана шундай янги анъана сценарийси остида ташкиллаштирилиб, 1-синфга қабул қилинган 142 нафар ўғил-қиз бу лаҳзаларни бир умрга ёдларидан чиқармайдиган бўлди. Негаки, ҳарбий оркестр давлатимиз мадҳиясини ижро этиши, кўркам ҳарбий кийимдаги курсантларнинг тантана сабабчиларини янги ҳаётга ташланган илк қадами билан табриклаши, буларнинг барча-барчаси жажжи ўғил қизларни болаликнинг сеҳрли дунёсига тушириб қўйганди гўё.
121-мактабда давом этган тантанада болаликнинг сеҳрли дунёсидаги янги саргузаштларни кўрган болажонларнинг кўзлари қувончдан чарақлашини сўз билан ифодалаш қийин. Айниқса, 1-синфга қабул қилинган болажонларга дастлабки дарсни устозлар ўрнига Қуролли Кучлар академияси курсантларининг ўтиши ота-оналар учун ҳам кутилмаган воқелик бўлди.
Умуман олганда, бу йилги биринчи қўнғироқ тантаналарида бутун республикамиз бўйлаб Мудофаа вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган янгича анъана байрамга ўзига хос шукуҳ бағишлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги