Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазирликда JICA делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди
2019-09-05 | Таълим
Ўзбекистоннинг Япония билан олий таълим соҳасидаги ҳамкорлиги қамрови анча кенг. Бунга Ўзбекистон ва Япония олий таълим муассасалари ўртасида йўлга қўйилган кўп қиррали муносабатлари яққол мисол бўла олади.
Жорий йил 4 сентябрь куни вазирликда бўлиб ўтган учрашувда Тошкент давлат ўзбек-япон ёшлар инновация Марказини ҳамкорликда қўллаб-қувватлаш, унинг фаолиятини яна-да кенгайтириш, уни юқори технологияларга асосланган лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувда Марказ илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида ҳар йили магистратурада таҳсил олиш учун Японияга юборилаётган техник олий таълим муассасалари битирувчилари сонини ошириш, япониялик мутахассисларни жалб қилган ҳолда марказда ўтказиладиган қисқа муддатлик семинарлар, тренингларни кўпайтириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган япониялик волонтерлар ва айниқса, техника, муҳандислик соҳалари ўқитувчилари сонининг камлиги, республикамизда Япониянинг етакчи олий таълим муассасасининг филиалини очиш ёки қўшма дастурлар асосида кадрлар тайёрлаш масалалари ҳам учрашув мавзусини ташкил қилди.
Муҳокама қилинган масалалар устида ишлаш ҳамда ҳар икки томон учун манфаатли бўлган ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги