Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон ҳаж ибодатини юқори даражада ташкил этган бешта давлат рўйхатидан жой олди

2019-09-05 | Жамият

Бу йилги ҳаж мавсумида Ўзбекистон ҳожиларга яратилган шарт-шароитлар бўйича муқаддас ибодатни юқори даражада ташкил этадиган биринчи бешталик давлатлар рўйхатидан жой олди. Бу Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Ҳаж – 2019” якуни юзасидан ўтказилган брифингда шу ҳақда маълумот берилди.
 
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов таъкидлашича, бу йил 7200 юртдошимиз ҳаж сафарида бўлиб қайтди. Шундан 6 минг 970 нафари зиёратчи, 230 нафари хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳлари аъзоларидир.
 
“Ҳаж – 2019” мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳажга бориш истагидаги фуқароларни саралаш бўйича суҳбатлар ўтказилди.
 
Бунда номзодларнинг Имом Бухорий, Имом Термизий сингари буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва илмий меросидан хабардорлиги, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинида ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашдаги фаоллигига эътибор қаратилди. Номзодлар ҳақида жамоатчилик фикри ҳам ўрганилди.
 
Суҳбатлар якунига кўра, республика бўйича 6 минг 970 фуқаро ҳаж сафарига бориш учун тавсия этилди. Улар томонидан жами 14 минг 326 ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотганлар оталиққа олинди. Бундай фуқароларга жами 9,3 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.
 
Ҳар бир вилоятда номзодлар учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари, имом-хатиблар иштирокида ҳаж ибодатини адо этиш тартибларига доир ўқув машғулотлари ўтказилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари билан зиёратчиларга ўз вақтида тегишли тиббий маслаҳат бериш ҳамда зарур муолажаларни амалга ошириш ишлари олиб борилди.
 
– Эътиборли жиҳати, бу йил ҳар бир зиёратчи учун белгиланган хизматлар нархи сезиларли даражада арзонлаштирилди, – дейди М.Комилов. – Президентимиз ташаббуси билан ҳаж мавсуми учун сарф-харажатлар сметаси бўйича зиёратчилардан олинадиган маблағ 33 миллион 300 минг сўм этиб белгиланди. Бу ўтган йил билан таққослаганда 5 миллион сўмга камдир.
 
Зиёратчиларга сафар олдидан давлатимиз рамзлари акс эттирилган махсус кийим ва сумкалар, “Ҳажнома” китобчаси ва видеоқўлланма тақдим этилди.
 
Яна бир муҳим жиҳат – ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида биринчи маротаба “Масжид ан-Набавий”дан 50 метр узоқликда жойлашган беш юлдузли “Пулман замзам” меҳмонхонасига жойлаштирилди. Макка шаҳрида эса Ҳарамдан узоқ бўлмаган тўрт юлдузли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида истиқомат қилишди.
 
Меҳмонхоналарда зарур шароитлар яратиш, тиббий марказ ва ошхонани тайёрлаш, зиёратчиларни кутиб олиш каби ташкилий масалаларни ҳал этиш мақсадида жорий йилнинг 15 июль куни ишчи гуруҳнинг дастлабки 10 аъзоси Саудия Арабистонига юборилди.
 
Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кун давомида масжид ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди. Сўнгра Макка шаҳрига йўл олди.
 
Ҳожиларимиз Мадина шаҳридаги Уҳуд тоғи, “Масжидул Қубо”, “Масжидул қиблатайн” каби тарихий, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди. Масъул ишчи гуруҳи аъзолари уларга ҳар бир масканнинг тарихи, унинг ислом дини тарихидаги аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.
 
Музаффар Комилов қўшимча қилишича, ҳаж кунлари Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги мутасаддилари ва Ўзбекистон ишчи гуруҳи ҳамкорлигида ўзбекистонлик зиёратчиларни муқаддас жойлар – Мино, Арофат ва Муздалифа водийларига кўчириш тадбирлари юқори савияда ташкил этилди. Ҳожиларимизга ажратилган махсус жойларда ибодатни эркин амалга ошириш учун барча қулайликлар яратилди. Жумладан, озиқ-овқат, иссиқ чой, яхна шарбатлар таъминоти ва тиббий марказ фаолияти йўлга қўйилди.
 
Арофат водийсида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳожиларимизнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига табриги ўқиб эшиттирилди.
 
Брифингда маълумот берилишича, жорий йил Умра мавсуми 20 сентябрдан бошланади. Ушбу зиёрат 1 октябрдан кунлик 2 та авиарейс асосида амалга оширилади.
 

Феруза МИРЗАКОМИЛОВА, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться