Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Диққат, болалар!” тадбири: Мақсад болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш
2019-09-04 | Жамият
Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан бугундан бошлаб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Диққат, болалар!” тадбири бошланди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан 10 кун давомида ўтказилади. Бунда асосий эътибор умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача тарбия муассасалари, академик лицей ва коллежлар атрофидаги йўлларга берилиб, бу жойларга Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари бириктирилган.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, автомобиль ҳайдовчилари оддий йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмасликлари, яъни йўлда мобиль телефонда гаплашиш, маст ҳолда автомобиль бошқариш, светофор ишорасига риоя қилмаслик, тезликни белгиланган меъёридан ошириш, пиёдалар ўтиш жойларида пиёдаларга йўл бермасликлари оқибатида аянчли йўл-транспорт ҳодисалари юз бермоқда.
Ҳурматли, ҳайдовчилар! Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилган ҳолда, пиёдалар ўтиш жойларига яқинлашганда автомобиль тезлигини пасайтириб, йўлни кесиб ўтаётган пиёдаларга йўл беринг. Болалар гавжум жойлар атрофидаги йўлларда автомобилда ҳаракатланаётганизда ҳушёрликни оширинг. Йўлларингиз бехатар бўлсин!
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги