Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда Москва муҳандислик физика институти Миллий тадқиқот ядро университетининг илк хорижий филиали очилди
2019-09-04 | Таълим
Тошкентда Москва муҳандислик физика институти Миллий тадқиқот ядро университетининг илк хорижий филиалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, “Росатом” атом энергияси бўйича давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв мамлакатимизда Москва муҳандислик физика институти Миллий тадқиқот ядро университети филиалининг очилиши соҳада етук мутахассислар тайёрлаш ва келгусида илмий изланишлар олиб боришга хизмат қилишига ишонч билдириб, талабаларнинг ўқишига омад тилади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, ҳукумат аъзолари, сенатор ва депутатлар, вазирлик, жамоат ташкилотлари вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг раҳбарияти ҳамда “Росатом” атом энергияси бўйича давлат корпорацияси вакиллари иштирок этди.
Тошкентдаги Москва муҳандислик физика институти Миллий тадқиқот ядро университетининг илк хорижий филиалида асосан ядро энергетикаси ва иссиқлик физикаси, шунингдек, ядро физикаси бўйича фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар соҳасида юксак малакали муҳандис-кадрлар тайёрланади.
– Дунёда атом энергияси бўйича энг нуфузли олий ўқув юртларидан бири ҳисобланадиган ушбу таълим даргоҳи илк филиалининг Тошкентда очилишини мутлақо адолатли деб ҳисоблайман, чунки Ўзбекистонда дастлабки атом электр станциясининг қурилиши биз учун устувор вазифа ҳисобланади. Биз биргаликда нафақат кераклича ходимларни тайёрлашимиз, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида ядро технологиялари бўйича атом объектларини уларнинг бутун эксплуатацияси давомида малакали мутахассислар билан таъминлай оладиган яхлит таълим тизимини яратишимиз ҳам лозим. Ҳар йили дунёдан юзлаб талабаларни қабул қилувчи Москва муҳандислик физика институти – шубҳасиз, мамлакатнинг янги таълим тизими ўзагини шакллантиришга хизмат қилади, деб ўйлайман, – деди Алексей Лихачёв.
Тошкентда Москва муҳандислик физика институти Миллий тадқиқот ядро университетининг илк хорижий филиалининг очилиши Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланаётганининг яққол далилидир. Бу ерда талабалар энг замонавий дастурлар асосида таълим оладилар. Ушбу таълим муассасаси нафақат Россия, айни дамда халқаро даражада ҳам юксак эътирофга сазовор ўқув муассасаларидан саналади. Филиалнинг барча битирувчилари Ўзбекистон ва хорижда бирдек тан олинадиган диплом оладилар ҳамда мамлакатимизнинг атом тармоғидаги корхоналарида иш билан таъминланадилар.
Ўқув жараёнига ўзбек мутахассислари қаторида Россия Федерацияси ва хорижий давлатлардаги етакчи олий таълим муассасаларида педагогик фаолият бўйича кўп йиллик иш тажрибасига эга бўлган юқори малакали ўқитувчилар ҳам жалб этилган.
Филиалга физика, математика ва рус тилидан имтиҳон натижаларига кўра, 100 нафар абитуриент давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.
– Ушбу олийгоҳда ўқиш бахти насиб этганидан хурсандман, – деди талаба Аҳрор Ҳасанов. – Барча имтиҳонларни аъло баҳоларга топшириб, ядро физикаси ва технологияси факультетига ўқишга қабул қилиндим. Филиалда барча шароит яратилган. Бу ерда 11 та лаборатория, талаба ва ўқитувчилар учун спорт мажмуаси ва кутубхона мавжуд. Биз филиал талабалари Россия таълим стандартларига мувофиқ ядро энергетикаси ва ядро технологияси соҳасидаги муҳандислик мутахассисликларини ўрганамиз.
Тошкентдаги Москва муҳандислик физика институти Миллий тадқиқот ядро университетининг илк хорижий филиали Россия ва Ўзбекистон Президентларининг Ўзбекистонда илк АЭС иншооти лойиҳасини амалга ошириш доирасидаги келишуви бўйича ташкил этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги